«Аллоҳ бузғунчи кимсаларнинг ишини ўнгламас…»
«Аллоҳ бузғунчи кимсаларнинг ишини ўнгламас…»
(Юнус сураси, 81-оят)
Муфассир имом Ибн Жарир Табарий раҳимаҳуллоҳ айтади:
«Аллоҳнинг ерида У Зот ёқтирмайдиган ишларни амалга ошириш йўлида саъй-ҳаракат қилган, Аллоҳнинг ерида у Зотга маъсият келтирган кимсаларнинг ишларини Аллоҳ ўнгламайди».
Яъни, улар «биз жиддий ислоҳотлар ўтказяпмиз…» деб ялтироқ даъволар билан содда одамларни алдашга ҳар қанча уринмасинлар, барибир «қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин бўлса ҳам очилади», Аллоҳ таоло бузғунчиларни шу дунёнинг ўзида ҳам шарманда қилади. Охират азоби эса, нақадар даҳшатли эканини Ягона Аллоҳнинг Ўзи билади.
Чиройли гапларни ҳамма ҳам гапираверади. Бир пайтлар Фиръавн ҳам Миср халқига мурожаат этиб, Мусо алайҳиссаломга эргашиб кетмасликлари учун шундай деган эди:
«Мен сизларни фақат тўғри йўлга етаклайман…»
(Ғофир сураси, 29-оят)
Мўминлар эса, ундайларнинг ёлғон ваъдаларига алданиб қолмасликлари даркор.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек:
«Мўмин бир тешикдан икки марта чақилмайди».
(Саҳиҳул-Бухорий: 6133-ҳадис, Саҳиҳи Муслим: 2988-ҳадис)
Доно халқимиз ҳам: «Кўр ҳассасини бир марта йўқотади» дейишган.
Меҳрибон Раббимиз Аллоҳ таоло умматимизни бугунги мусибатлардан тезроқ қутқариб, икки олам бахт-саодатини насиб этсин…