Тирикчилик билан банд бўлиб юрганлар ҳақида
Унча машҳур бўлмаган ансорий саҳобийлардан бирлари, исмлари Салим, кундузи тирикчилик ишлари билан бўлиб хуфтонга яқин қаттиқ чарчаб қолардилар. Шаръий илмлари Муоз ибн Жабал каби уламо бўлиб етишган саҳобалардек эмасди. Ўзларини оддий бир оми мусулмон деб биладиган жуда камтар, аммо дангал инсон эдилар.
Бир сафар ишдан қаттиқ чарчаб келиб, жамоат намози жуда кеч ва узун ўқилишини сезиб, масжиднинг бир четида (бугун Қиблатайн масжиди деб машҳур бўлган каттагина жомеъга айланган масжид) бир ўзлари хуфтонни қисқа тарзда ўқиб олиб уйларига кетворадилар.
Бўлган воқеани эшитган маҳалладаги устоз ва имом Муоз ибн Жабал энг катта устоз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бориб шикоят қиладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Салим розияллоҳу анҳуни чақириб: «(Хуфтонни бир ўзинг ўқиганингда қандай ўқидинг), намоз ичида нима дединг…» деган мазмунда савол берадилар.
Шунда Салим айтадилар:
«Эй Расулуллоҳ, мен куни билан ишда бўлиб кечқурун чарчаб келаман. Намоз ўқиганда Сиз ва Муоз каби жуда чиройли гапларни (дуоларни) айтишни билмайман. Намозга киришиб Фотиҳа билан зам сурани ўқиб, рукуъ-саждалар қилиб, ташаҳҳудни келтириб, Аллоҳдан жаннатни сўраб, дўзахдан паноҳ тилайман, бўлди…».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам табуссум қилган ҳолларида: «Мен ҳам Муоз ҳам шунга ўхшаш гапларни айтамиз…» деб, у кишининг ўқиган намозларига яхши гувоҳлик бериб кузатиб қўядилар.
Муоз ибн Жабалга эса, имомликка ўтганларида жуда узун ўқимасликни, одамлар орасида фитна чиқармасликни буюриб қаттиқроқ насиҳат қиладилар…
Бу воқеадан олдин Муоз ибн Жабал маҳалладошлари Салим розияллоҳу анҳуни динга, намозга унча эътибор бермайдиган, фақат тирикчилик билан банд бўлиб юраверадиган иймони заиф ёки ҳатто мунофиқ бўлиши ҳам мумкин деган гумонларга бориб, анча хафа бўладилар.
Салим эса Муозга: «Ҳали душманлар билан рўбарў бўлганимизда кўрамиз ким қандайлигини…» деган мазмунда жавоб қилиб индамай кетаверардилар.
Кейин Уҳуд жангида Салим жуда кучли иймон ва шижоат ила жиҳод қилиб шаҳид бўлдилар.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу эса, бўлган воқеалар у кишига улкан дарс бўлиб, умрлари давомида ҳар замонда Салим розияллоҳу анҳуни ёдга олиб: «Албатта Салим Аллоҳ таоло билан сидқи дилдан муамоала қилган экан, мен эса ёлғончи бўлган эканман…» дердилар.
(Ҳадис ва сийрат китобларида ривоят қилинган ибратли қиссалардан, барча тафсилотларини келтириб ўтирмадик)