«Юқиш йўқ…»

Бўлимлар: Рисолалар

Баъзи ҳадиси шарифларни соддароқ тилда кенгроқ шарҳлаб берилмаса ва такрор-такрор эслатиб турилмаса бўлмайдиган даврда яшаяпмиз шекилли.

Саҳобаи киромларнинг замоналарида аксар одамлар қисқа-қисқа жумлаларнинг остидаги жуда кенг маъноларни атрофлича англашган ва тўғри амал қилиб кетаверишган, валлоҳу аълам.

Масалан, «Юқиш йўқ…» деган машҳур ҳадиси шарифдан ҳеч қайси саҳобий ёки ҳатто исломни қабул қилмаган биронта кофир араб исломдан айб топгандек: «Cабабларни бажариш Аллоҳга ишонмаслик натижаси, эҳтиёт чораларини кўриш кераги йўқ!» деяпти, деб нотўғри тушунчага борганини билмайман.

Хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ таоло жуда ҳам қисқа иборалар билан чуқур маъноларни англата олиш мўъжизасини ато этган.

Ундан ташқари айни шу ҳадиси шарифнинг давомида юқумли мохов касалига учраган бемордан «Худди арслондан қочганингдек ўзингни олиб қочгин» деган мазмунда қўшимчаси ҳам ривоят қилинган.

Кейин яна бир ақидавий-фиқҳий қоида бор, бу қоида доимо долзарб бўлиб турадиган масала. У ҳам бўлса Аҳли Сунна вал-жамоат уламолари таъкидлаб келадиган соғлом эътиқод бўйича, битта ҳадиснинг ўзи билан чекланиб олиш бутунлай нотўғри иш! Тўғри ва зарур амал шуки, мавзуга алоқадор барча далиллар ва уларнинг мўътабар уламолар шарҳлаб берган маънолари билан имкон қадар кенгроқ ва атрофилича танишиб чиқилади.

Ушбу мақоламизда мисол қилиб келтирганимиз «Юқиш йўқ…» деган ҳадиси шарифни олайлик. Шу мавзуда бошқа далилларни ҳам қўлимиздан келганича ўрганиб чиққанимиздан сўнг бу ҳадиси шарифдан қуйидаги маъноларни англашимиз мумкин:

1. Касаллик юқишига йўл қўйманглар, балки қўлинглардан келадиган эҳтиёт чораларини кўринглар.

2. Шунда ҳам, яъни моддий сабабларни 100% бажарганингизда, мукаммал даражада эҳтиёт бўлиб яшай олган тақдирингизда ҳам барибир Ягона Аллоҳга таваккал қилиб, доим Аллоҳдан мадад тилаб юришга муҳтожсиз!

Агар Аллоҳ асрамаса Аллоҳ тақдир қилган мусибат барибир бошингизга тушади. Аллоҳ хоҳласа касал бўласиз, хоҳламаса йўқ.

Сизга касаллик юқиши учун унинг барча сабаблари атрофингиздан ўраб олиб ҳужум қилганда ҳам Аллоҳ хоҳламаса барибир юқмайди! Ҳаётда бунга қанча-қанча мисолларни кўриб келяпмиз.

Бунинг зидди ҳам маълум ва машҳур – барча эҳтиёт чораларини кўрганлар ҳам Аллоҳ тақдир қилган нарсадан ҳеч қаёққа қочиб қутулолмаяпти.

Аллоҳ таоло айтади:

{أَينَما تَكونوا يُدرِككُمُ المَوتُ وَلَو كُنتُم في بُروجٍ مُشَيَّدَةٍ}

«Қаерда бўлсангиз, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам ўлим сизларни топиб етиб олади».

(Нисо сураси, 78-оят)

3. Аллоҳ таоло Ўз қудратини кўрсатиб, Ўзи хоҳлаган бандасини ҳалокатли мусибатдан асраб қолаётганини кўрар экансиз, сиз ундан нотўғри хулоса чиқарманг!

Аллоҳ таоло худди сизга «Эй бандам, Менга таваккал қилиб, қўлингдан келганича ҳаракат қилиб яшагин, бу оламда доим Мендан мадад тилаб яшагин» деётган бўлади.

Сиз эса «Аллоҳ асрар экан-ку» деб текинхўр бўлиб ётволмаслигингиз даркор. Балки яна ҳам кўпроқ куч-қувват ва олий ҳиммат билан Аллоҳга таваккал қилган ҳолингизда тиришқоқлик ила ҳаракат қилишингиз керак.

Биз мўмин-мусулмонлар ҳар куни ҳар намозимизнинг ҳар бир ракъатида Фотиҳа сурасини ўқир эканмиз, тўртинчи оятида Аллоҳ таолога илтижо қилиб айтамизки:

{إيَّاكَ نَعْبُدُ وَإيَّاكَ نَسْتَعِينُ}

«(Бутун оламларнинг Раббиси бўлган эй Раҳмону Раҳийм Аллоҳ, биз ожиз бандаларинг) Сенгагина ибодат қилиб (яшай)миз ва (барча ишларимизда, саъй-ҳаракатларимизда) Сендангина ёрдам сўраб турамиз».
Энди, «Юқиш йўқ…» ҳадисидан нотўғри хулоса чиқариб олган одамни хаёлимизга келтириб, унинг ҳолини қўполроқ бир мисол билан тасвирлаб кўрсак:

Бир киши бир дўстига холис ва самимий биродари сифатида бу дунёда таваккал қилиб яшаш аҳамияти ҳақида гапираётиб, мисол тариқасида айтсаки: «Эй Дўстим, агар сен 100 қаватли иморатнинг тепасидан Ерга сакрасанг ҳам барибир ўлмайсан, агар Аллоҳ ўлмаслигингни тақдир қилган бўлса, ўлмай қолган одамлар қанча … Шунинг учун сен Аллоҳга таваккал қилгин доимо…», шунда дўсти унинг насиҳатини ҳужжат қилиб 100-қаватдан сакраб юборса бўлди, иш битди.

Албатта ҳеч биримизнинг атрофимизда бундай дўст йўқ, иншоаллоҳ, бўлмасин ҳам. Доимо Аллоҳ Ўзи асрасин ҳаммамизни.

Вассалому алайкум.

•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози телеграм канали

https://telegram.me/islomovozi