КОРОНАВИРУС ЎРГАТГАН ЯНА БАЪЗИ «ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ»ЛАР
Коронавирус ҳамма томонлама бало-мусибат эмаслиги, балки унда Аллоҳнинг раҳмат-марҳамати бўлган қатор ижобий томонлар ҳам кўрингани ҳақида кўпчилик биродарлар ёзишди, гапиришди.
Мен ҳам ушбу мақолада имкон қадар қисқа тарзда коронанинг яна баъзи ёдимга келган фойдаларини – «дарс»ларини ёзиб қўймоқчиман:
1. Корона даврида Ислом динимиз нақадар буюк дин экани, доим такрорлаб келинадиган сифати – ҳар қандай замонда ва ҳар қандай маконда бутун инсоният унинг аҳкомларига амал қила олишлари, у ҳамма-ҳамма шароитларда пайдо бўладиган саволларга жавоб берадиган ягона ҳақ дин экани яна бир бор зоҳир бўлди, алҳамдулиллоҳ.
2. Коронавирус тарқалиши туфайли ўртага чиққан фиқҳий масалалар ҳақида уламоларимиз бир неча ойдан буён Қуръон ва Суннат далиллари асосида Шариат фуқаҳоларининг фатволарини жамлаб, таҳлил қилиб, қатор илмий рисолалар ёзиб келмоқдалар, мошоаллоҳ ва боракаллоҳ.
3. Коронавирус мусулмонлар ичида ҳалигача муҳтож инсонларга ёрдам беришга шошиладиган, биродарларини ва опа-сингилларини оғир мусибатлардан қутқариш учун фидокорона хизмат қилишга тайёр турувчи олийжаноб инсонлар кўп эканлигини кўрастди, алҳамдулиллоҳ.
4. Коронавирус даврида келган муборак рамазон ойи ва унинг ортидан фитр байрами туфайли ичимизда имомликка, хатибликка лаёқатли ака-укаларимиз нақадар кўплиги маълум бўлди. Улар ўзларидаги илмларини, маҳоратларини амалда кўрсатиб машқ қилиб олишлари учун корона уларга худди майдон яратиб бергандек бўлди.
5. Коронавирус даврида кўпчилик ака-укаларимиз ва опа-сингилларимиз карантинга олиниб, ўз уйларида Қуръони каримни такрор-такрор хатм қилишга муваффақ бўлишди. Таровиҳ намозларида қанча-қанча укаларимиз ва ўғилчаларимиз имомликка ўтиб Қуръони каримни китобга қараб бўлса ҳам ўқиб хатм қилиб чиқишди. Ҳатто муслима сингилларимиз ҳам баъзилари баъзиларига имомлик қилиб берганлари бўлди.
6. Умрида биринчи бор ҳайит намозига имомлик қилиб, ҳайит хутбасини тақдим этиб, хатиблик маҳоратини ўзлаштирганлар ҳам бўлишди, алҳамдулиллоҳ.
Аллоҳ таоло гуноҳларимизни кечириб бошимиздаги вабою мусибатларни кетказсин.
Коронавируснинг ижобий томонлари ҳар қанча кўп бўлмасин, барибир у вабо – мусибат! Аллоҳ таоло барчамизни унинг ёмонлигидан Ўзи асрасин, коронадан бевосита ё билвосита зарар кўрганларимизга Ўзи ёрдам берсин, вабога чалиниб вафот этган ака-укаларимиз ва опа-сингилларимизни Ўз раҳматига олсин…
Ислом Овози учун / Муҳиддин Обидхон