ҲИБСДА ҚОЛАЁТГАН ВА ЎҒИРЛАБ КЕТИЛГАН УСТОЗЛАРИМИЗ, БИРОДАРЛАРИМИЗ УЧУН МАХСУС ТАБРИК ВА УЗРНОМА
Меҳрибон Раббимиз Ягона Аллоҳ таолонинг Ўзига ёлвориб илтижо қиламизки, ислом дини фидойилари, уммати Муҳаммад алайҳиссалом қаҳрамонлари сифатида ҳалигача ҳибсхоналарда ётган ва яна қаерлардадир махфий тарзда ушлаб турилган сиз азизларга Ўз даргоҳидан буюк нусрату ғалабалар ато этсин.
Рамазону ҳаж мавсумлари ортидан узоқ йиллардан буён кетма-кет байрамлар келиб ўтиб кетаверар экан, сизлар панжаралар ортида ва ер тўлалар остида туриб бу муборак кунларни аниқки тўхтовсиз тоат-ибодатлар билан (иншоаллоҳ) кузатиб келмоқдасизлар.
Демак, сизлар Парвардигоримиз томонидан улашилаётган ажру савобларнинг энг… энг… энг… улканларини қўлга киритмоқдасизлар, Аллоҳнинг изни ва марҳамати ила.
Шунинг учун ҳам бу улуғ ийд-байрамлар билан аслида биринчи ўринда сизларни МУБОРАКБОД этишимиз даркор.
Биз сизларнинг ожизу нотовон биродарларингиз ва қариндошларингиз қамоқ ташқарисида сизларнинг ҳақ-ҳуқуқингизни талаб қилиб кураша олмай жуда сустлик, заифлик қилиб юрибмиз, минг афсус.
Бунинг учун биз сиз азизлардан такрор-такрор узр сўраймиз.
Қанийди биз мўмин-мусулмонлар бир ёқадан бош чиқариб, тинч ва қонуний йўллар билан сизларни азизу мукаррам ҳолингизда озод этилишингиз ва бутун халқ кўз ўнгида оқланиб, адолат ва ҳақиқат учун жонинию молини фидо қилиб курашган қаҳрамонлар сифатида тақдирланишингизга эриша олсак, олам гулистон бўлар эди. Золиму ваҳшийлар сизларни бир лаҳза ҳам бундай тутқунликда ушлаб тура олмасди, дарҳол озод этишга уларни мажбур қилган бўлардик.
Бироқ, афсуски, кўпчилигимиз ўзимизнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларимизни билмаяпмиз, билсак ҳам адолат қарор топиши учун курашиб яшашимиз, шаръий ва қонуний йўллар билан ҳаққимизни тортиб олиб қўлга киритишимиз фарз ва қарз эканини англай олмаяпмиз. Баъзиларимизда узоқ йиллик қатағонлар ва қонхўр сиёсатлар дастидан қўрқоқлик кучли бўлиб қолган. «Ҳаёт бу – кураш!», «Курашаяпсанми, демак сен тириксан, курашмасанг ўликсан!», «Тиз чўкиб яшагандан кўра тик туриб шаҳид бўлиш керак», деган мақолларнинг ўрнига фақат «ўзим, ўзим, оч қорним – тинч қулоғим», «сиёсатга аралашма», «тинч яшай десанг жим юр, жим, жим, нима қиласан шов-шув кўтариб, шов-шув қилсанг баттар бўлади, қилмаган жиноятингга ҳам хўп-хўп деб кечирим сўра, сен гапирсанг сени деб бизга ҳам зарар тегади, ана раҳбарларимиз жим турсанглар кечирамиз, шов-шув кўтарсанглар баттар қиламиз дейишаяптику…» деган гапларга кўпроқ амал қиладиган бўлиб қолдик.
Бизларни кечиринглар, биз дуодан бошқасига ярамаяпмиз.
Илоҳо, Қодир Раббимиз тезроқ сизларга нажоту нусратлар ато этсин. Биздек ожизу гуноҳкорларнинг аҳволимизга ҳам раҳм қилсин.
ФИТР БАЙРАМИНГИЗ ЯНА БИР БОР МУБОРАК БЎЛСИН
Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ…