Меҳрибон Раббимиз Аллоҳ таоло Ҳусанхон домлани шаҳидлар қаторида қабул этсин
Ҳусанхон домла – наманганлик машҳур аҳли илм устоз – узоқ йилларга чўзилган қамоқда, қийноқлар туфайли бемор бўлиб қолиб ётган ҳолларида, бугунги улуғ соатларда вафот этиб Охиратга риҳлат қилдилар, Аллоҳ таоло Ўзи у зотни буюк шаҳидлар қаторида қабул этсин…
«Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъувн»
Ҳусанхон домла «Совет иттифоқи» деб номланган худосиз даҳрийлар давлати даврида ҳам Ягона Аллоҳнинг Ўзидан қўрқиб, золимларнинг зулмидан қўрқмай узоқ йиллаб мусулмон йигитларга ислом илмларини ўргатиб келган, уларга гўзал ахлоқ-одоб ила таълим-тарбия берган зотлардан эдилар.
Аллоҳ таоло устозни Ўз раҳматига олиб, шаҳидлар қаторида қабул этсин, яқинларига ва барча биродарларига сабри жамил ато этсин.
Азиз биродарлар, бундай гўзал хотимани миллионлаб мусулмонлар умрлари давомида орзу қилиб яшайдилар, бироқ жуда ҳам камдан-кам мўминларга насиб бўлади.
Ҳусанхон домла Меҳрибон Раббимиз Аллоҳ таолонинг ана шундай улуғ авлиё – дўстларидан бири сифатида Ягона Ўзининг ҳузурига йўл олдилар, деб умид қиламиз.
Шояд Ийдул-Фитр байрамини Барзах оламида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва барча улуғ зотлар даврасида ўтказиш шарафига танлаб олинган бўлсалар ажабмас.
Омин Ё Раббал-оламийн…