Улуғ кечалар учун яна бир муборак дуо
Рамазоннинг охирги ўн кунлигида Аллоҳ таолога яна ҳам кўпроқ ёлвориб тиланишимиз долзарб бўлиб турган дуолардан яна бири
اَللَّهُمَّ إنِّي أعُوذُ بِرِضَاكَ مِنْ سَخَطِكَ وَبِمُعَافَاتِكَ مِنْ عُقُوبَتِكَ وَأعُوذُ بِكَ مِنْكَ لاَ أُحْصِي ثَنَاءً عَلَيْكَ أنْتَ كَمَا أثْنَيْتَ عَلَى نَفْسِكَ
Маъноси:
«Эй Аллоҳ! Сенинг ғазабингдан розилигинг паноҳига, уқубатингдан офиятинг паноҳига, Сенинг Ўзинг(нинг қазои қадаринг)дан яна Ягона Ўзингнинг паноҳингга қочаман. Сен лойиқ бўлган сано-мақтовлар адоғига етолмасман. Сен Ўзингга қандай санолар айтган бўлсанг, ана шундай буюк Зотсан».
Аллоҳнинг ғазаби фақат У Зотнинг Ўзининг розилигига интилиш билангина тўсилиши мумкин.
Аллоҳ бандадан рози бўлиши ёки унга ғазаб қилиши Унинг Ўзига лойиқ бўлган буюк сифатларидандир.
Бу илоҳий сифатларнинг амалдаги ифодаси бандага офият берилиши ёки уни уқубатга дучор этилишидир.
Шунинг учун дуода Ягона Аллоҳ таолонинг Ўзининг розилиги аломати бўлган офиятини тилаш билан илоҳий ғазаб аломати бўлган уқубату азоблар даф этилиши сўралмоқда.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтади:
«Сенинг неъмат ва эҳсонларинг ҳамда Сен ҳақли бўлган саноларнинг ҳисобига етолмайман. Сен Ўзингга Ўзинг сано айтганинг кабидирсан!» , деб дуо қилиш билан банда ўзининг нақадар қосиру заиф эканлигини, ҳатто Аллоҳ таолога муносиб сано айтишга ҳам қодир эмаслигини эътироф этади. Шу боисдан Аллоҳни энг буюк санолар билан улуғлашни яна Аллоҳнинг Ўзига топширади. Чунки Аллоҳга ҳар қанча сано, мақтов ва ҳамд айтилмасин ҳаргиз У Зотнинг сано айтишдаги ҳақлари ниҳоясига етиб бўлмайди».