Рамазон – тақво, дуо ва баракалар ойи

Бўлимлар: Рисолалар

Рамазон илоҳий раҳматлар ойидир. Унда жаннат дарвозалари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади, шайтонлар ва туғёнга минган жинлар кишанланади.

Пайшанбага ўтар кечадан унинг сўнгги ўн кунлиги ҳам бошланди.

Бу кунларда минг ойдан афзал бўлган бир кеча борки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «… Ким унинг яхшилигидан маҳрум бўлса, шак-шубҳасиз ҳақиқий маҳрум кимса ана шу кимсадир». Аллоҳ асрасин.

Муҳтарам биродарлар, муҳтарама опа-сингиллар, бизлар ана шу буюк кечани эътиборсиз ўтказиб юбормайлик, ҳар бир лаҳзаларимизни ибодат ила ғанимат билайлик.

Бунинг учун туни билан бутунлай ухламай чиқиш шарт эмас. Ҳар кечанинг бошроғида бир оз ухлаб дам олиб, унинг сўнгги қисмини, тунги 1:30 дан бошлаб то бомдодга қадар ё намоз ё зикр ё тиловат ё яқинларингиз билан иймоний суҳбат билан ўтказишга ҳаракат қилсангиз, бу ҳам тоат-ибодат. Шундай қилсангиз тунни қоим қилган бўласиз иншааллоҳ.

Энг муҳими, Ягона Раббимиз Аллоҳ таолога ёлвориб дуо-илтижолар қилишимизни кўпайтиришни унутмайлик.

Ҳар куни ўзингиз сўрамоқчи бўлган барча яхши тилакларингиздан ташқари, яна саҳиҳ ҳадисларда собит бўлган муборак дуолардан бирини ёдлаб, ана шу дуо билан Аллоҳга ёлворинг.

Масалан бугун қуйидаги дуони ўрганиб, кечаси кўпроқ такрорлаб дуо қидинг:

اللهم إني أسألك العفو والعافية في الدنيا والآخرة اللهم إني أسألك العفو والعافية في ديني ودنياي وأهلي ومالي اللهم استر عوراتي وآمن روعاتي اللهم احفظني من بين يدي ومن خلفي وعن يميني وعن شمالي ومن فوقي وأعوذ بعظمتك أن أغتال من تحتي

Маъноси:

«Эй Аллоҳ, Сендан дунё ва охиратда мени афв этишингни ва менга офият беришингни тилайман! Эй Аллоҳ, Сендан динимда ҳам дунёимда ҳам аҳл-оилам ва молимда ҳам менга кечиримли бўлишингни ва офият беришингни сўрайман. Эй Аллоҳ, айбларимни яширгин, қўрқувларимни кетказиб, омонлик бергин! Эй Аллоҳ, олдимдану ортимдан, ўнгимдану сўлимдан ва тепамдан мени ҳифз-ҳимоя этгин, оёғим остидан менга ёмонлик қасд этилишидан Сенинг буюклигинг ила паноҳ тилайман!»

Имом Аҳмад, имом Абу Довуд ва имом Насоиий раҳимаҳумуллоҳ улуғ саҳобий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишларича Пайғамбар алайҳиссалом бу дуони тонг оттирганларида ҳам кеч кирганда ҳам тарк қилмас эдилар.

Кимки куч-қувватга тўлиб турганида, навқирон йигит бўлиб юрган пайтлари Аллоҳ таолонинг ҳудудларини асраб (ҳаром ишларга яқинлашмай) яшаган бўлса, кексайиб, қувватсиз бўлиб қоладиган куни келганда Аллоҳ таоло унинг ақл-заковатини, кўзу қулоқларини ва бошқа аъзои баданини саломат қилиб асраб туради, Аллоҳ берган куч-қувватларига энг кўп эҳтиёжи тушадиган даврида ҳам соғ-омон бўлиб узоқ ва баракали умр кўради.

Аллоҳ таоло Ўзининг бандаси солиҳ бўлса, унинг тақволи ҳаёт кечириб ўтганлиги туфайли унинг фарзандлари ва зурриётини ҳам офиятда сақлайди.

Каҳф сурасида Хизр алайҳиссалом тили билан хабар қилинганидек «У икки етимнинг отаси солиҳ киши бўлган эди…».

Отаси солиҳ киши бўлгани сабабли иккала етимни ҳам Аллоҳ таоло Ўз ҳимоясига олди.

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ айтдилар:

«Қайсики мўмин вафот этса, албатта Аллоҳ таоло унинг фарзандларини ва уларнинг ҳам фарзандларини (невараю чевараларини) Ўз ҳимоясига олади!».

Имом Ибнул-Мункадир раҳимаҳуллоҳ ҳам айтадилар:

«Аллоҳ таоло солиҳ банда туфайли унинг авлодини ва авлодининг авлодини – зурриётини ва яқинларини асрайди. Улар Аллоҳнинг доимий ҳифзу ҳимоясида давом этадилар. Қайсики банда Аллоҳнинг тоатида бардавом бўлар экан, офату балолардан омонда, фаровон ҳаётда бардавом бўлади».

Бу фазилатли соатларни аҳл-аёлингиз фақат сизга овқат тайёрлаш билан, ўзингиз эса уни еб бериш билан ўтказиб юборманг. Ётишдан олдин икки луқма таом ҳам кифоя.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар бир неча дона хурмо ва озгина сув билан рўза кунларини охиригача етказганликлари ибрат бўлсин.

Лекин кундузи оғир меҳнат билан шуғулланадиган рўзадорлар яхши ишларига қувватлироқ бўлиб олишлари учун саҳарлик таомини кўпроқ тановул қилишлари тавсия этилади.

Аллоҳ таолога яна такрор-такрор илтижо қилиб қоламиз, Ўзи барчамизга тавфиқ ва мадад берсин, бошимизга тушган турли-туман мусибатларни йўқ қилсин …

T.me/islomovozi