Қизларимиз учун энг гўзал исмлардан 7 намуна (Маънолари ва арабча ёзилиши)
Бир синглимизнинг исмлари Мафтуна деб қўйилган экан. Шу исмнинг маъноси яхшимаслигини билиб, унинг ўрнига исломий гўзал исмлардан намуналар бўлса, деб сўраган эканлар.
Албатта барчамизнинг исмларимиз имкон қадар чиройли ва ибратли маъноларни ифода этиши жуда муҳим.
Ислом динимиз эътиқоди ва одобига мувофиқ келадиган гўзал исм танлашимиз улуғ савобли амал бўлиши билан бирга ҳаётимиз давомида ўзимизни бахтиёр ҳис этиб доимо кўтаринки руҳда юришимизга, натижада соғлигимизга ҳам манфаатли бўлишига сабаб бўлади. Исмимизни эшитадиган ва тилга оладиган одамларда ҳам яхши кайфият пайдо бўлади. Хунук ва салбий маъноларни ўз ичига олган исмларда эса, бунинг акси рўй беради. Аллоҳ асрасин.
Мафтуна исмининг маъносига келсак, бу исм фитналанган, фитнага тушган, деган маънони билдиради. Бу албатта яхши маъно эмас. Чунки фитналаниш дунё шаҳватларига алданиш, Охиратни унутиш, Аллоҳдан ва У Зотнинг жаннатларидан узоқлашиш, оқибатда дўзахга кетиш деганидир.
Шунинг учун уни бошқа яхши маъноларни англатадиган исмлардан бирига алмаштириш афзал.
Масалан, айни шу араб тилининг сарф илми қоидаларидаги «мафъул вазни»га тўғри келадиган гўзал исмлардан қуйидаги ажойиб исмларни эслашимиз мумкин.
(Рамазони карим ойида таваллуд топаётган жажжи қизалоқларимиз учун бу гўзал исмлар ва уларнинг чиройли маънолари биздан енгил бир ҳадя бўлсин)
1. مَحْمُودَة Маҳмуда – яхши сифатлари билан мақталадиган аёл
2. مَوْدُودَة Мавдуда – меҳр билан севиладиган аёл
3. مَحْبُوبَة Маҳбуба – бу ҳам суюкли аёл деган маънода
4. مَيْمُونَة Маймуна – яхшиликлари кўп бўладиган, ишлари ўнгидан келадиган, ўзига ҳам бошқаларга ҳам манфаатлар келтирадиган баракали аёл. Бу исмнинг яна бир фазилати, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаи мутаҳҳараларидан бирлари уммул-муъминин Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо онамизнинг исмларидир.
5. مَهْدِيَّة Маҳдийя – тўғри йўлга, ҳақиқатга ҳидоят этилиб, Аллоҳнинг динига муваффақ қилинган аёл
6. مَرْضِيَّة Марзийя – бажарган солиҳ амаллари туфайли ундан рози бўлинган аёл.
7. مَرْغُوبَة Марғуба – яхши хислатлари туфайли унга қизиқиладиган аёл