Намозда аёлларга хос ҳукмлар

Савол:

Эркаклар билан аёлларнинг намоз ўқишларида фарқ борми? Яъни, намоздаги ҳолатда – қаъдада, саждада…

Умму Яҳё.

Жавоб:

Ислом динимиз аҳкомларига амал қилишда аёллар ҳам эркаклар кабидирлар, фақат шаръий далиллар истисно қилган масалаларда аёлларга хос баъзи бир ҳукмлар бўлади.

Намоз аҳкомларида аёлларга хос ҳукмларнинг хулосаси қуйидагича:

1. Аёллар узрли ҳолатларида (ҳайз ва нифос кунларида) намоз ўқимайдилар;

2. Аёллардан намозларни жаомат бўлиб ўқишлари ва масжидга боришлари талаб қилинмайди. Бироқ аёллар ўзлари масжидга боришни хоҳлаётган бўлсалар эрлари уларга рухсат беришлари лозим, агар фитнадан омонлик бўлса.

3. Аёллар намозда эркаклар жамоатига иқтидо қилган пайтлари орқада – энг охирги сафларда турадилар.

4. Аёллар агар масжидга (уйдан ташқарига) чиқадиган бўлсалар мукаммал тарзда ҳижоб кийиб, рўмолларини ўраб олишлари фарз, атир-упа ишлатишлари ёки пардоз-андоз қилишлари жоиз эмас. Бу бобда ҳам қатор ҳадиси шарифлар собит бўлган. Жумладан Абуллоҳ ибн Масъуд аёллари Зайнаб розияллоҳу анҳумо айтадилар:

عن زينب امرأة عبد الله رضي الله عنهما قالت: قال لنا رسول الله صلى الله عليه وسلم:

«إذا شهدت إحداكن المسجد فلا تمس طيبا» (مسلم:443).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга (аёлларга) шундай дедилар:

«Сизлардан бирингиз агар масжидга келадиган бўлса, бас, (уйдан чиқишда) хушбўй нарсаларга тегинмасин!».

(Имом Муслим ривоятлари)

5. Аёллар намозларни уйда ўқишлари афзал. Уйда аёл киши фақат аёлларнинг ўзига имомлик қилишига рухсат бор. Шунда имомлик қилаётган аёл аёлларнинг ўртасида бир сафда туради. Эркак имомга ўхшаб қомласлиги учун аёлларнинг олдига ўтиб алоҳида бўлиб турмайди. Агар фақат иккита аёл бўлса, имомлик қиладиган аёл чап тарафда туради.

6. Аёллар азон ва иқомат айтмайдилар;

7. Аёлларнинг барча аъзолари аврат ҳисобланади, фақатгина юзларини ва икки кафтларини намоз ўқиш асносида очиб олишлари жоиз бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«لا يقبل الله صلاة حائض إلا بخمار»

رواه أبو داود وغيره

«Ҳайз ёшига етган аёлнинг намозини Аллоҳ (таоло) фақат рўмол билан (ўқиган аёлдан) қабул қилади»

(Имом Абу Довуд ва бошқа муҳаддислар ривоятлари)

8. Аёл киши рукуъ ва саждаларда ўзини ўзига жам қилиб олиши, яъни қўллари ва оёқлари орасини катта очмаслиги, балки ҳатто саждада билаклари ва сонлари қорнига тегиб туриши афзал. Кўпчилик уламолар шундай тавсия қиладилар. Эркаклар эса, бунинг акси – қўлларини қоринлари ва сонларига тегизмасдан кенгроқ очиб, ердан ҳам баландроқ кўтариб туришлари лозим.

Валлоҳу аълам.

Ислом Овози учун Муҳиддин Обидхон тайёрлади

T.me/islomovozi