Ақида, фиқҳ илмлари ва китоблари ҳақида қисқа жавоблар

Ақида, фиқҳ илмларининг таърифи ва китоблари ҳақида бир неча биродарларимиз ва опа-сингилларимиз қисқача маълумот беришимизни сўраб саволлар юборишган эди.

Қуйидаги сатрларда ана шу саволларга жавоб беришга ҳаракат қилдик.

Баъзи саволларнинг жавобини қисқа сатрларга сиғдириш жуда қийин бўлади, хусусан эътиқод ва фиқҳ илмлари ҳақидаги саволларнинг жавобини.

Эътиқод:

Эътиқоднинг луғавий маъноси бир нарсага қалбан қатъий равишда боғланиш – ишониш.

Ақида:

Ақиданинг луғавий маъноси ўша эътиқод қилинган – қатъий ишонч билан ишонилган нарса – чин қалб билан ишонилган маълумот.

Ақоид:

Ақоиднинг луғавий маъноси ақиданинг кўплик кўриниши – ақидалар. Қалб билан тўла ишонч ҳосил қилиб олинган масалалар.

Фиқҳ:

Фиқҳнинг луғавий маъноси: яхши англаш, тушуниб етиш.

Энди ушбу калималарнинг шаръий-истилоҳий маъноларига келсак:

Эътиқод

Ислом аҳкомларига, иймон масалаларига чин қалб билан қатъий равишда ишониш дегани.

Ақида чин қалб билан ишонишимиз шарт бўлган илм – маълумотлар.

Ақоид ақида илмининг кўплиги – ақидалар. Баъзан шу илмнинг тафсилий масалалари деган мақсадда айтилади. Баъзида турли хил ақидалар – ҳар хил йўналишлар деган мақсадда айтилади.

Фиқҳ илмининг шаръий истилоҳий маъноси:

Ислом динимиз кўрсатган амалларнинг тафсилий аҳкомларини ўргатадиган илм.

Бу ерда шу ёзган таърифларимиз билан бу калималарга жуда ҳам қисқача тушунтириш беришга ҳаракат қилдик.

Ақоид илмини баён қиладиган китоблар ҳақида сўралган саволга келсак:

Ундай китоблар жуда ҳам кўп, бу илм бўйича минг йиллардан буён турли хил китоблар – катта, ўртача ва мухтасар китоблар ёзиб келинади. Албатта уларнинг ичида тўғрилари ҳам бор, хатолари кўп бўлгани ва адашганлари ҳам бор. Фақат шу ақида – ақоид илмини баён қилиш учун ёзилганлари ҳам бор, бошқа илмларни ҳам қўшиб ёзилган китоблар ҳам бор.

Биз бу ўринда фақат 1-2 та энг муҳим китоблардан деб билганимизни ва ёдимизга келганини айтиш билан чекланамиз:

1. Имом Абу Ҳанифанинг Фиқҳи акбар деб номланган китоблари ва унинг баъзи шарҳлари

2. Имом Таҳовийнинг Ақидаи Таҳовийя деб танилган китоблари ва унинг баъзи шарҳлари

3. Имом Бухорийнинг Саҳиҳул-Бухорий деб танилган саҳиҳ тўпламлари ичидаги «Бадъул-Ваҳий, Иймон, Илм, Тавҳид…» деб номланган китоблар. (Бошқа ҳадис тўпламларида ҳам ақида – иймон илмига хос бўлимлар ажратилган).

4. Имом Бухорийнинг «Халқу Афхолил-ибод» деган китоблари

5. Имом Ибн Манданинг «Иймон, Тавҳид» деб номланган китоблари

6. Имом Ожуррийнинг Шариат деб номлаган китоблари

7. Имом Лолакоийнинг «Усули эътиқоди аҳли сунна…» деб номланган китоблари

8. Имом Ибн Хузайманинг Тавҳид китоблари

9. Имом Аҳмаднинг «Усулус-сунна» деб номланган матнлари

10. Имом Ибн Абу Осимнинг «Ас-Суннаҳ» деб номланган китоблари

11. Имом Халлолнинг «Ас-Суннаҳ» деб номланган китоблари

Ва ҳоказо…

Фиқҳ илмида ҳам минг йиллардан буён жуда кўп китоблар ёзиб келинади.

Ислом уламолари томонидан тўғри йўлда деб эътироф этилган тўртта фиқҳий мазҳаблар бўйича талабаларни босқичма босқич олим қилиб бориш учун ёзилган илмий фиқҳий қўлланмалар ҳар бир мазҳабда маълум ва машҳур.

Масалан бизнинг ҳанафий мазҳабимизда ҳам енгил, қисқача ва биринчи босқичдагилар учун деб ёзилган илмий матнлардан тортиб катта олим бўлганда ўқийди деб ёзилган фиқҳий китоблар ҳам жуда кўп.

Энг биринчи босқичда ўқиладиган фиқҳий китобларимиздан бири масалан Мухтасар китоби. Ўрта босқичда ўқиладиганларидан Ал-Ҳидоя китоби. Катта олимлар учун деб ёзилган китоблардан масалан «Бадоиус-саноиъ», «Ал-Мабсут» китоблари ва ҳоказо…

Валлоҳу аълам

Ислом Овози учун Муҳиддин Обидхон тайёрлади

T.me/islomovozi