Муҳтожларга ва мазлумларга ёрдам беришга даъват

Ватанимиздаги мусибатли кунлар муносабати билан

  • Бир-бирига ёрдам Аллоҳнинг нусратини келтиради

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Кимки бир мўминдан дунё машаққатларидан бирини кеткизса, Аллоҳ ундан Қиёмат кунининг машаққатларидан бирини кеткизади. Кимки бир қийналганга енгиллик яратиб берса, Аллоҳ унга бу дунёда ва Охиратда енгиллик яратади. Кимки, бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ бу дунёда ва Охиратда унинг ҳам айбини яширади. Модомики банда биродарининг ёрдамида бўлар экан, Аллоҳ ҳам у банданинг ёрдамида бўлади. Кимки илм қидириб йўлга тушса, Аллоҳ унга шу туфайли жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида йиғилиб, Унинг китобини тиловат ва ўзаро дарс қилсалар, уларга хотиржамлик нозил бўлади, уларни раҳмат чулғаб олади, малоикалар ўраб туришади ва Аллоҳ ўзининг ҳузуридагиларга улар ҳақида зикр қилади. Кимнинг амали уни орқага сурган бўлса, насаби уни олдинга торта олмайди”.

(Муслим ривоятлари).

Бу ҳадис мусулмонларни ёрдамга муҳтожларга ёрдам беришга, Аллоҳ йўлида илм билан ҳаракат қилишга даъват қилаяпти. Мусулмонларга Аллоҳнинг ёрдами қандай йўллар орқали келишини кўрсатаяпти.

“Кимки бир мўминдан дунё машаққатларидан бирини кеткизса, Аллоҳ ундан Қиёмат кунининг машаққатларидан бирини кеткизади”. Қиёмат кунининг машаққатлари бу дунёники каби эмас. Дунёнинг уқубатлари Қиёмат азоблари олдида ҳеч нима бўлмайди. Дунёда қилган ҳар бир ёрдамингиз учун Охиратда биттадан машаққат сиздан даф этилар экан, одамларга қанча кўп ёрдамингиз тегса, ўзингиз учун шунча кўп яхшиликдир.

 

  • Мусулмон мусулмоннинг биродари

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, ҳийла ишлатмангиз, ўзаро нафрат уруғини сочмангиз, бир-бирингизга тескари бўлиб кетмангиз, бирингиз бошқангизнинг савдоси устига савдо қилмасин, Аллоҳнинг ака-ука бандалари бўлингиз. Мусулмон мусулмоннинг акаси (ёки укаси) – унга зулм қилмайди, уни ўз ҳолига ташлаб қўймайди, таҳқирламайди. Тақво мана бу ерда”. Шундай деб кўкракларига уч марта ишора қилдилар. “Инсоннинг ўз мусулмон биродарини таҳқирлаши унинг ёмонлигига кифоядир. Ҳар бир мусулмоннинг қони, моли ва шаъни бошқа мусулмон учун ҳаромдир!”.

(Муслим ривоятлари).

 

  • Зулмни даф этиш – фарз

Зулм – Ислом динимизда жуда қаттиқ қораланган гуноҳ. Зулм билан ширк бир-бирига алоқадор тушунчалардир.

Ислом динининг оламга юборилишида инсониятга тегишли беш нарсани ҳимоя қилиш мақсади кўзда тутилган. Буларни фиқҳ китобларида “Шариат мақсадлари” деб айтилади. Улар: дин, жон, насл, ақл ва молдир.

Бу айтилган нарсалар диннинг ҳам, дунёнинг ҳам сақланиши ва давом этиш шарти ҳисобланади.
Зулм эса мана шу нарсаларга қарши ҳужум ва тажовуздир. Зулм шариат мақсадларига қарши ҳужум экан, у инсоният манфаатларига қарши ҳаракатга айланади. Мусулмонлар бундай жиноятга бепарво бўлишлари мумкин эмас.

Анас разяллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Биродарингга у хоҳ золим бўлсин, хоҳ мазлум бўлсин ёрдам бер”. Шунда бир одам сўради: “Эй Расулуллоҳ, у мазлум бўлса ёрдам бераман, айтингчи, золим бўлса қандай ёрдам бераман?” Расулуллоҳ дедилар: “Уни зулмдан тўсасан ёки тиясан, ана шу унга ёрдаминг бўлади”.

(Бухорий ривоятлари).

Зулмни даф этиш йўллари турличадир ва ҳар бирининг алоҳида ўрни бор. Бирининг ўрнини бошқаси босмайди.

Сиз ҳам, биз ҳам ўша мусулмонлардан биримиз. Қайғуришингиз учун Аллоҳ ажр берсин. Сизлар ҳам ҳаракатда давом этинглар, иншоаллоҳ биз ҳам.

Қийналганларга қўлидан келганича ёрдам бериш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир.
Бугун савоб излаганлар учун савобли амаллар мўл-кўл …

Шайх Обидхон қори, Швеция, 2010 йил

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi