Таровиҳ орасида ўқилаётган зикрлар ҳукми

Савол:

Таровиҳ намозининг ҳар тўрт ракъатидан кейин «Субҳаана зил-мулки вал-малакут…» дуосини зикр қилиш бидъатми?

Жавоб:

Биз уни бидъат деб айтолмаймиз. Чунки умуман олганда Аллоҳ таолони кўп-кўп зикр қилиш фазилати ҳақида сон-саноқсиз оятлар, ҳадислар ва салафи солиҳларнинг амаллари собит бўлган.

Аммо айнан шу саволда келган иборалар билан мана шундай тартибда айтилиши суннатда келганини билмаймиз.

Бизнинг ҳозир эсимизда бори қуйидаги ҳадиси шариф:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам витрдан салом берган пайтлари уч марта қуйидаги зикрни айтар эдилар:

سُبْحَانَ الْمَلِكِ الْقُدُّوسْ

«Субҳаанал-Маликил-Қуддус»

Учинчи мартасида овозларини баланд кўтариб айтардилар»

(Имом Насоий ривоятлари, 1732-ҳадис, саҳиҳ)

Эътибор берган бўлсангиз ушбу ҳадисда:

1. Витрдан кейин дейилди
2. Рамазонда деб чекланмади
3. Жуда узун ва ҳар турли жумлалар келтирилмади
4. Бир киши ўқиши, қолганлар эшитиб ўтириши ёки жамоат бўлиб айтилиши ҳақида ҳам индалмади.

Шундай бўлса ҳам юқорида айтганимиздек, Аллоҳни кўп-кўп зикр қилиш ҳақида, салафи солиҳларимиз қандай амал қилишганлиги борасида ривоятлар жуда ҳам кўп.

Шунинг учун билиб-билмасдан бидъат деб юборишга шошмаслик керак.

Валлоҳу аълам.

Ислом Овози учун Муҳиддин Обидхон тайёрлади

T.me/islomovozi