Коронавирус даврида Худога илтижо қилаётганлар диққатига

Бўлимлар: Рисолалар

Катта-катта давлатлар ҳам оддий кўзга кўринмас бир вирус – «Ковид19» олдида мағлуб бўлдилар, тўсатдан «етти ухлаб тушларига кирмаган» воқеалар бирин-кетин рўй бера бошлади.

Ўзларича тараққиёт чўққисига етиб, дину диёнатни хурофот ва қолоқлик деб атаб, Аллоҳни бутунлай унутиб юборган қанча-қанча кофирлар ҳам ҳозир: «Эй Худо, Эй Худо! Ўзинг қутқар, Ўзинг раҳм қил…» деб ёлворишга тушиб қолганлар.

Кеча

Коронавирус келишидан олдин қатор давлатлар мусулмонларнинг масжидларида овоз кучайтиргич орқали азон айтишни «демократик» қонунлари билан тақиқлаб қўйишгача борган эдилар.

Бугун

Бугун ана шу давлатларда кофирлар ўзлари мусулмонларнинг олдиларига келиб баланд овозда азон айтиб туришларини, Қуръони карим оятларидан тиловат ҳам қилиб беришларини илтимос қиляптилар.

Эртага

Эртага коронавирус Аллоҳнинг амри ила ортга чекинганидан сўнг аксарият инсонлар яна қайтадан гуноҳ-маъсиятларга, зулму туғёнларга ружуъ қўйишлари инсоният тарихида доим кузатиб келинадиган одатий ҳолатлардан биридир.

 

Бизчи?

Биз – Аллоҳ таолога чин қалб билан тавба қиладиган банда бўлишни истаётган бўлсак, ана шундай мушрику золимларга ўхшаб қолмаслик ҳақида жиддий бош қотиришимиз керак.

Аллоҳ таолодан тавбаи насуҳ – гуноҳга қайтмайдиган холис тавбага муваффақ этишини сўрашимиз ва сидқи дилдан шу ҳақ йўлда собитқадам туриб яшашга ҳаракат қилишимиз даркор.

Зеро куфру нифоққа, фисқу фужурга ўрганиб қолган нафс (нафси аммора) табиати қадимги замонларда ҳам ҳозирги даврда ҳам ўша-ўша, ҳеч нарса ўзгармаган – чорасиз қолгандагина Худо эсига тушади: «Эй Худо, бўлди, тавба қилдим, эй Худо, Ўзинг кечир, Ўзинг қутқар…» деб қолади. Кейин бошига тушган мусибатлар Аллоҳнинг амри ила кўтарилиб ғойиб бўлганидан сўнг яна қайтадан Аллоҳни ва Қиёмат кунини эсдан чиқариб, фитна-фасодларга шўнғиб: «Энг муҳими мен ўзим ва бола-чақам маза қилиб яшаб олишимиз керак, бошқалар нима бўлса бўлаверсин, бизнинг истакларимиз қаршисидан чиқиб қолганларни қириб ташлашимиз ҳам қонуний чора, ўзимизни ҳимоя қилишимиз учун бу бизнинг демократик ҳуқуқимиз» деганга ўхшаш мантиғини такрорлайди, то Аллоҳнинг яна кутилмаганда забт этадиган ҳар турли балою азоблари келгунга қадар.

Аллоҳ таоло қадимги мушрикларнинг бошларига мусибатлар тушган пайтдаги, кейин ана шу мусибатлардан қутулиб олган кунларидаги ҳолатлари ҳақида Қуръони каримнинг қатор ояти карималарида хабар берган.

Масалан Анъом сураси 27-32 оятларини, Тавба сураси 124-126 оятларини, Юнус сураси 21-25 оятларини, Анкабут сурасининг охирги (64-69) оятларини, Фотир сураси 36-37 оятларини ўқиб тафсирлари билан танишиб ибрат олишимиз мумкин.

•┈•✿❁✿•┈•

Ислом Овози

t.me/islomovozi