Ўлгим келмаяпти
Ўлгим келмаяпти ростини айтсам,
Ҳали ҳеч нарсага улгурганим йўқ.
Кимни гуллар кутар, кимни илонлар,
Қоронғу лаҳадда чорасиз жоним.
Мен аҳмоқ эканман, сиз-чи, инсонлар,
Эсиз ўтган умр, эсиз имконим.
Мушку анбарларга ўрганиб қолиб
Тупроқнинг ҳидини унутиб қўйдим.
Ҳар кун ўзимни ҳар кўйга солиб
Ҳақиқатни кўрган кўзимни ўйдим.
Сизларга ёқмоқлик менга ёқарди,
Ўзимни ҳам эпчил, оқил санардим.
Шу бемаъни ишда сочим оқарди,
Ёлғон ажабланиб, ёлғон тонардим.
Бугун қараб турсам, ҳаммаси сароб,
Ҳеч ким оро кирмас ёлғиз жонимга.
Охират ҳам хароб, дунё ҳам хароб,
Бегона экан дин хонадонимга.
Ювилган, қаралган, бўлиқ жасадлар
Тупроқнинг тагида қуртлар озиғи.
Кўзимга қадалар эди ҳасадлар,
Энди ҳеч нарсанинг йўқдир қизиғи.
Жон ширин, қўрқув зўр, савол-жавоб бор,
Бўлди, барчасини тушуниб етдим.
Дунё кенгроқ эди, қабр эса тор,
Мол-давлат сиғмади, қолдириб кетдим.
Қарашлар ўзгарди, мезон ўзгарди,
Меҳмонлар ўзгарди, мезбон ўзгарди.
Кеча ҳар эшикда танишлар эди,
Бугун дарвоза-ю дарбон ўзгарди.
Ўлгим келмаяпти ростини айтсам,
Ҳали ҳеч нарсага улгурганим йўқ.
Калвак Махзум