Ҳаж ва умралар тўхтаб қолиши Қиёмат аломатими?

Савол:

Ҳаж тўхтаб қолса Қиёматга жуда яқин қолган бўлади, деган ҳадис борми?

Жавоб:

Абу Саид Ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«لَيُحَجَّنَّ البَيْتُ ولَيُعْتَمَرَنَّ بَعْدَ خُرُوجِ يَأْجُوجَ ومَأْجُوجَ»

«Қасамки, Яъжуж ва Маъжуж чиққанидан кейин ҳам Байт (Каъба)да ҳаж қилинади ва умра ҳам қилинади».

(Саҳиҳул-Бухорий: 1593-ҳадис)

Яна бир ҳадиси шарифда айтадилар:

«لاَ تَقُومُ السَّاعَةٌ حَتَّى لاَ يُحَجَّ الْبَيْتُ»

«Байт (Каъба) ҳаж қилинмай қолгунча Қиёмат соати қоим бўлмайди».

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ушбу икки ҳадисдан биринчиси саҳиҳроқ, унинг ривоят қилувчилари кўпроқ эканини айтганлар.

Саҳиҳул-Бухорий шарҳида имом Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ эса, қуйидагича шарҳлайдилар:

يمكن الجمع بين الحديثين، فإنه لا يلزم من حج الناس بعد خروج يأجوج ومأجوج أن لا يمتنع الحج في وقت ما عند قرب ظهور الساعة، ويظهر ـ والله أعلم ـ أن المراد بقوله: ليحجن البيت ـ أي مكان البيت لما سيأتي بعد باب: أن الحبشة إذا خربوه لم يعمر بعد ذلك. اهـ.

«Иккала ҳадисни ҳам бир-бири билан жамлаш мумкин. Яъжуж ва Маъжуж чиқиб (сўнг уларнинг фитнаси тугаб, ҳалок бўлиб кетгани)дан кейин ҳам одамлар ҳажга борадилар. Қиёмат соати зоҳир бўлиши яқинлашган даврларнинг қайсидир бир вақтида (Қиёмат соати жуда ҳам яқинлашиб қолган пайт) ҳаж тўхтаб қолиши мумкин. Аллоҳ Ўзи билгувчироқ Зот, «Ҳаж қилинади ва умра ҳам қилинади…» деган сўзларидан кўзланган мақсад шуки, унинг макони ҳаж қилинади. Чунки, кейинроқ келадиган бобда батафсилроқ хабари келади, Ҳабашлар Каъбани бузиб ташлаганларидан сўнг у қайта қурилмайди. (Яъни, Каъба биноси йўқ қилинганидан сўнг бўшаб қолган ўша ерида унинг белгилари қолиб, ўша белгилар атрофидан тавоф қилиниб, ҳаж ва умралар ўша пайт ҳам шу тарзда давом этади)».

(Фатҳул-борий: 13/ 84)

Демак, Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳнинг шарҳларига биноан, охири замонда ҳабашистонлик кофир босқинчилар томонидан Каъба биноси вайрон қилиб ташланганидан кейин ҳам ҳаж ва умралар давом этади, гарчи Каъба биноси йўқ бўлса ҳам. Кейин яна қанчадир замон ўтиб Қиёмат соати жуда ҳам яқин бўлиб қолганда ҳаж ва умралар бутунлай тўхтаб қолади.

Лекин, ундан олдинги даврларда ҳам қисқа муддат (бир неча йил) давомида ҳаж ва умралар тўхтаб қолиб, кейин яна қайтадан ҳаж қилиш бошланиши ва узоқ асрлар давом этиши мумкин. Тарих бунга гувоҳ. Исломнинг 14 асрлик тарихи давомида бир неча марта шунга ўхшаш улкан мусибатлар рўй берган. Аллоҳга шукрки, ана шу мусибатларнинг ҳеч қайси бири узоқ давом этмаган, балки бутун дунёдан келадиган мусулмонлар тез орада яна қайтадан тўп-тўп бўлиб келишиб, ҳаж ва умралар қилишда давом этганлар.

Биз – ожиз бандалар келажакда рўй бериши хабар қилинган воқеалар қачон ва қай шаклда рўй беришини муфассал тарзда аниқ-тиниқ айтолмаймиз. Уни Ягона Аллоҳнинг Ўзи билади.

Кейинги мақоламизда иншоаллоҳ яна шу мавзуга алоқадор баъзи ҳадиси шарифларни эслаб ўтамиз.

Меҳрибон Раббимиз Аллоҳ таоло барчамизнинг гуноҳлармизни кечириб, мағфиратига олиб, Ўзининг улуғ уйларига яна тезроқ чақирсин, қайта-қайта ҳаж ва умралар қилишимизга муваффақ айлаб Ўз даргоҳида қабул этсин …

•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози телеграм канали

https://telegram.me/islomovozi