Нафсига қул бўлганлар коронавирус даврида
Инсон нафси мукаммал тарзда тасвирлаб – тавсиф этиб бўлмайдиган даражада жудаям бир ғаройиб нарса.
Агар у яхши тарбия олса Аллоҳнинг энг улуғ ва олийжаноб бандасига айланади.
Аллоҳ асрасин, тарбиясиз ҳолда улғаядиган бўлса жуда ҳам даҳшатли аждарҳога айланади. Бироқ, у ўзининг нақадар ваҳший махлуқ эканини яширишга жуда ҳам моҳир, ўзини худди олийжаноб фариштадек кўрсата оладиган бўлади. Шайтонликда ҳали унинг даражасига етмаганлар унинг фитналарига лаққа тушиб, тўрига илиниб, ёлғонларига алданиб, орқасидан эргашиб кетишлари ҳеч гапмас. Бундай алдоқчи, маккор ҳамда ўта ваҳший махлуққа айланган нафсни «нафси аммора» деб номланади.
Унинг асл башараси энг катта имтиҳонлар бошланган пайт очилиб кетади, энг оғир мусибатлар асносида ёки ўзини ўзи энг катта кучни қўлга киритдим деб ўйлаган лаҳзаларида у устидан кийиб олган чиройли-чиройли маскаларини улоқтиради. Чунки, у онда ҳеч кимни алдашга эҳтиёжи қолмаган ёки бор имкониятлари бутунлай йўқолган бўлади, худди Қиёмат кунидаги энг даҳшатли лаҳзаларда, Қуръону ҳадисларда хабар берилганидек, ота-онасидан, севишган аёлларию фарзандларидан, туғишган ака-укалари ва опа-сингилларидан воз кечиб юборишидек.
Дунёда ҳам ҳали Қиёмат даҳшатларини кўрмасидан туриб, бу нафс коронавирус тарқалиши ортидан пайдо бўлган мусибатларда ҳам шокка тушиб нималар қилиб юбораётганини мана бугун кўп жойларда кўриб турибмиз.
Аллоҳ таоло бизларнинг нафсимизни бундай нафси аммора бўлишидан Ўзи асрасин, балки нафси мутмаинна – иймону ислом билан, тоат-ибодатлар билан хотиржам бўлиб яшайдиган нафслардан қилсин.
«(У Кунда ҳаёти дунёдан Аллоҳ таолонинг ваъдасига ишониб иймон ва эзгу амаллар билан ўтган мўминларга хитоб қилиниб, айтиладики) : «Эй нафси мутмаинна (иймону ислом ва тоат-ибодат билан хотиржам бўлган жон эгаси)! Сен (Аллоҳ ато этган неъматлардан) рози бўлган (ва Аллоҳ таоло томонидан сенинг амалларингдан) рози бўлинган ҳолда Раббинг (ҳузури)га қайт! Бас, (жаннат аҳли бўлмиш мўмин, солиҳ) бандаларим қаторига киргин ва Менинг жаннатимга киргин!»
(Фажр сураси, 27-30 оятлар)
Мавзуга оид:
Ислом Овози телеграми