Ислом келажагидан эмас, ўзингиздан хавотир олинг!

Баъзи диндорларимиз (балки кўпчилик диндорларимиз) ўзларини Исломга энг яхши хизмат кўрсатаётган мусулмондек ҳис қилар эканлар.

Баъзан бугунги кунда Исломнинг келажаги хавф-хатар остида деб қўрқиб хавотир оламиз.

Аслида эса, дилимиздан ёки фикр-хаёлимиздан ўтаётган ўзимизнинг яхши амалларимизга нисбатан мағрурланиш каби ҳис-туйғуларимиздан хавотир олишимиз керак эди.

Аллоҳ таоло ҳар замонда такрор-такрор биз «ҳеч киммас»лимизни кўрсатиб туради.

Бугун ҳам худди «Эй ожиз қулларим! Қалб кўзингизни очинг, сизнинг қўлингиздан ҳеч нарса келмайди! Мана Мен Ўзим хоҳласам бир лаҳзада бутун оламни тиз чўктириб қўйишим мумкин. Шунинг учун, сиз ўзингизнинг иймонингиз ҳақиқийми ё чалами ва вафот этгунингизгача собитқадам тура оласизми ёки ўзингизга маҳлиё бўлиб ҳамма яхши амалларингизни ҳабата қилиб қўясизми, шу нарсалардан қўрқиб туринг! Исломнинг келажагидан эса, хавотир олманг, Ўзим Ўз динимни азиз қилиб, бутун дунё аҳлини хоҳласам бир лаҳзада тавба-тазарруга чорлаб қўяман…» деётгандек.

Бу билан Исломга даъват қилиш шартмас дейилмоқчимас, асло. Балки, ўзимизга яхши баҳо бериб, ичимизда ҳам сиртимизда ҳам мағрурланиб қолмайлик.

Инсон ўзининг қилаётган яхши ишларига маҳлиё бўлиши, бошқалардан ўзини яхшироқ деб ўйлаб қолиши энг хатарли гуноҳлардан. Аллоҳ асрасин, бундай гуноҳ барча солиҳ амалларимизни чилпарчин қилиб ташлаши мумкин.

Шунинг учун ҳам Исломда энг улуғ ибодатларнинг охирида ана шу ибодатларни мукаммал бажарган мўминлар яна қайтадан Аллоҳ таолога истиғфорлар айтиб такрор-такрор тавба-тазаррулар қилишга буюрилганлар.

T.me/islomovozi