Заҳматкаш аёллар
Зонадаги энг оғриқли нуқталардан бири
учта норасида гўдакни етаклаб, оғир
сумкаларни судраб, турли хорловчи
текширувлардан ўтиб, оёғида калиш,
эгни юпун аёлингнинг синиқ жилмайиб
туришига дош бермоқликдир.
Меҳрга зор, муҳаббатда етим қолган аёллар,
Қанча таъна, тазйиқ юки… Сабаб – оппоқ рўмоллар.
Ажаб дунё, сизни яна юксакларга кўтарди,
Қайғу-ҳасрат, кўзёш, фироқ ва туганмас аламлар.
Аёл бўлиб нима кўрди шу муштипар бошингиз,
Қувончда ҳам, қайғуда ҳам мудом кўзда ёшингиз.
Қорда қолган қизғалдоғим, онам, синглим, қизимсиз,
Ҳар кўрганда озорланган икки қора кўзимсиз.
Бошга нима келса, кўрдим, ҳечқиси йўқ, макруҳман,
Эркак зоти калтак билан, чандиқ билан эркак-да,
Фақат сизни асролмадим, энди соғмас мажруҳман,
Ҳимоясиз қолган аёл ҳар ифлосга эрмак-да.
Узоқ ётсам, юрагимда оғриқ турар, оқсайди,
Лекин дардсиз юрак нима, у бир бўлак кесакдир.
Гарчи бугун на сизларга ва на менга ёқмайди,
Роббим рози бўлган экан, демак, шу ҳам керакдир.
Калвак Махзум, “Маҳбуснинг мактублари”дан.