Аллоҳга қандай таваккал қилишни биламизми? 2-қисм
Аллоҳ таолога тўғри таваккал қила олишимиз учун қуйидаги босқичларга амал қилишимиз даркор (иккинчи қисм) :
4. Қалбимиз Ягона Аллоҳнинг Ўзига таяниши, Ягона Ўзига ёлвориши билан хотиржам бўлиб туриши, сабабларни бажарганлигимизга ишониб қолмаслигимиз, зоҳирий ютуқларимизга маҳлиё бўлмаслигимиз, мағрурланиб қолмаслигимиз, балки ана шу сабабларни бошқариб турган Ягона Аллоҳнинг Ўзидан умидвор бўлиб, Ўзидан қўрқиб тақво қилиб туришимиз шарт.
5. Доимо Аллоҳ таолога яхши гумонда бўлиб яшашимиз даркор.
Банданинг Аллоҳга бўлган яхши гумони қанча мукаммал бўлса, У Зотга бўлган таваккали ҳам шунчалик мукаммал бўлади.
Агар банда Ягона Аллоҳга холис ният билан, сабабларни ҳам бажарган ҳолида мукаммал даражада таваккал қила олса, Аллоҳ унга ана шу таваккал қилиб, тилаб, умидвор бўлиб турган нарсасини албатта амалга ошириб беради, деб тўла ишонч ҳосил қилиши керак.
«Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир».
(Талоқ сураси, 3-оят)
6. Банданинг қалби Ягона Аллоҳнинг Ўзига бутунлай таслим бўлиши, доимо У Зотга талпиниб туриши даркор.
Аллоҳ таоло башорат бериб айтади:
«Йўқ, ким яхшилик қилган ҳолида юзини (бутун вужудини) Аллоҳга топширса, унинг учун Аллоҳ ҳузурида ажр бор ва улар учун хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар».
(Бақара сураси, 112-оят)
Фиръавн хонадонидан бўла туриб Ягона Аллоҳга иймон келтирган киши ҳам ўз қавмига қарата айтади:
«… Ҳали (бошларингизга азоб тушганида албатта ҳозир) мен сизларга айтаётган сўзларни эслайсизлар. Мен (барча) ишимни Аллоҳга топширдим. Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчи Зотдир»
(Ғофир сураси, 44-оят)
7. Барча ишларимизни Аллоҳ таолога топширишимизда, Аллоҳдан талаб қилишимизда, биз ўз ихтиёримиз билан бошидан бошлаб У Зотга юзланишимиз даркор!
Қачонки моддий сабабларимиз иш бермай қолганда эмас, энг охирида – мажбур бўлиб қолганимизда Аллоҳ томон бурилишимиз, фақат ўша пайт таваккал ва илтижо қилишмиз у ҳақиқий таваккал эмас. Балки ҳар бир ишимизнинг аввалидан бошлаб охиригача доимо Аллоҳ таолога топшириб, Аллоҳ таолодан мадад тилаб, Аллоҳ таолога тўла ишонч билан боғланиб туришимиз даркор. Барча пайғамбарлар ва уларга эргашган мўминлар ана шундай ҳаёт кечирганлар.
8. Таваккалнинг самараси – натижаси бўлмиш тақдирда битиб қўйилган нарса рўй берганда Аллоҳ таолодан ва унинг тақдиридан чин қалбимиз билан рози бўлиб қабул этишимиз шарт.
Зеро, кимки Аллоҳга ҳақиқий таваккал билан таваккал қилган бўлса – ҳақиқатан ҳам Аллоҳ таолони ўзининг барча ишлари учун Буюк Вакил бўлган Зот деб эътиқод қилган бўлса, албатта ана шу Буюк Вакил қандай натижани танлаган бўлса, банда ана шу натижага рози бўлади. Балки, ана шу Аллоҳ таоло танлаган оқибат-натижа у банда умид қилган натижадан кўра афзал, балки ўзи учун ҳам манфаатли бўлган ягона натижа деб қабул этади.
Уҳуд жангида шаҳид бўлганлар шаҳид бўлиб, яраланганлар ярадор бўлиб, ўша кун бошларига тушган оғир мусибатлар учун Аллоҳдан рози бўлган зотлар ҳақида Аллоҳ таоло хабар бериб айтади:
«… Аллоҳ йўлидаги жангда ўлдирилган зотларни ҳаргиз ўликлар деб ўйламанг! Йўқ, улар тириклардир! У зотлар Аллоҳ Ўз фазлу карами билан берган неъматлардан хушнуд ҳолларида баҳраманд бўлмоқдалар ва ҳали ортларидан етиб келмаган биродарларига ҳеч қандай хавфу хатар йўқлиги ва ғамгин бўлмасликлари ҳақида хушхабар бермоқдалар. Улар Аллоҳ томонидан бўлган неъмат ва фазлу карам ҳақида ҳамда мўминларнинг ажри-мукофотини Аллоҳ зое қилмаслиги ҳақида хушнуд бўлиб бир-бирларини табрикламоқдалар. Улар ўзларига жароҳат етганидан кейин ҳам Аллоҳга ва Расулга ижобат этган (бўйсунган) зотлардир. Уларнинг орасидаги чиройли итоат қилган ва тақво қилган зотлар учун улуғ ажр – мукофот бордир. Ундай зотларга айрим кимсалар: «(Қурайш) одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган; бас, улардан қўрқингиз!», деганларида бу гап уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У Зот энг яхши ишончли Вакилдир!», дедилар. Бас, у юришдан (у ана шу мўмин зотларга) бирон нохушлик етмай, Аллоҳнинг неъмат ва фазли билан (уйларига тинч-омон ва ютуқлар билан) қайтдилар. Улар Аллоҳнинг ризолиги(ни истаб Аллоҳ буюрган Ислом дини)га эргашдилар. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат Соҳибидир…»
Валлоҳу аълам.