Аллоҳга қандай таваккал қилишни биламизми? 1-қисм
Аллоҳга таваккал қилиш ҳар бир ишда Аллоҳга суяниш, ҳар бир ишни амалга оширишда Шариат ва ақл тақозо қиладиган сабабларини бажариб, Аллоҳдан мадад тилаш ва Аллоҳга таслим бўлиб, тақдирда битиб қўйган оқибатларни-натижаларни мукаммал даражада қабул этиш, чин қалби билан рози бўлишдир.
Аллоҳ таоло ояти карималардан бир жуз бўлган қуйидаги амр-фармонини Қуръони каримнинг еттита жойида такрор-такрор таъкидлаган:
{وَعَلَى اللهِ فَلْيَتَوَكَّلِ الْمُؤْمِنُونَ}
(آل عمران: 122، 160، المائدة: 11، التوبة: 51، إبراهيم: 11، المجادلة: 10، التغابن: 13)
«Бас, мўминлар (Ягона) Аллоҳ(нинг Ўзи)га таваккул қилсинлар».
(Оли Имрон: 122, 160, Моида: 11, Тавба: 51, Иброҳим: 11, Мужодила: 10, Тағобун: 13)
Ягона Аллоҳнинг Ўзига таваккал қилиш аҳамияти ҳақида жуда ҳам кўп ояти карималар ва ҳадиси шарифлар ворид бўлганлиги барча мўмин-мусулмонларга маълум ва машҳур.
Аллоҳ таолога тўғри таваккал қила олишимиз учун қуйидаги босқичларга амал қилишимиз даркор:
1. Парвардигорни таниш:
Аллоҳнинг буюк сифатларига – У Зот барча нарсаларни азалдан билиб туришига, у нарсаларни Ўзи тақдирда битиб қўйганлигига, Ўз ҳикматига биноан хоҳлашига, Ўз қудрати ила ана шу нарсаларни яратишига ва бошқариб туришига тўла ишонч билан иймон келтириш.
«Аллоҳ сизларни (аввал) тупроқдан, сўнгра нутфадан яратиб, кейин сизларни жуфт-жуфт (яъни, эркак-аёл) қилиб қўйди. Ҳар бир аёлнинг ҳомиладор бўлиши ҳам, туғиши ҳам шак-шубҳасиз, Унинг билиб турганлиги ила бўлади. Ҳар бир умр кўргувчининг умри узун қилинмас ва (ё) умридан камайтирилмас, илло (буларнинг барчаси) Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда битиб қўйилган бўлади). Албатта бу Аллоҳга осондир».
(Фотир сураси, 11-оят)
«На Ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, илло (етса) Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлади. Албатта бу Аллоҳга осондир».
(Ҳадид сураси,22-оят)
2. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани сабабларига боғлаб қўйганлигини билишимиз ва ана шу нарсага эришиш учун албатта унинг сабабларини бажаришимиз зарур.
Масалан, очликдан ва турли-туман касалликлардан саломат бўлиб яшашимиз учун Аллоҳ нозил қилган шариат ва Аллоҳ берган ақл тақозо қиладиган сабабларни, эҳтиёт чораларини қўллашимиз даркор.
Энг гўзал намунамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларидан битта мисолни оладиган бўлсак, Маккадан Мадинага ҳижратлари муваффақиятли ўтиши, кофирларнинг қўлига тушиб қолмасликлари учун Аллоҳга таваккал қилиш билан бир вақтнинг ўзида қанча-қанча эҳтиёт чораларига амал қилганлар. Ҳижрат қиссасини сийрати набавийя билан танишиб чиққан барча мўмин-мусулмонлар жуда яхши биладилар.
3. Ягона Аллоҳнинг Ўзига холис ният билан ибодат қилишда қалбимиз мустаҳкам ва собитқадам бўлиши, барча талабларимизни, эҳтиёжларимизни амалга ошириб берувчи Зот Ягона Аллоҳнинг Ўзи эканлигини, бу коинотдаги барча нарсалар Ягона Аллоҳнинг иродаси, Ягона Ўзининг бошқаруви ила содир бўлаётганини чин қалбимиз билан эътиқод қилишимиз.
«Осмонлару Ер фақат Аллоҳникидир ва барча ишлар Унинг Ўзига қайтарилади. Бас, Унга (Ягона Аллоҳгагина) ибодат қилгин ва (Ягона) Ўзига таваккал этгин (суянгин, таянгин)! Раббинг (бутун коинотдаги эй ҳар бир банда! Сизлар) қилаётган амалларингиздан ғофил — бехабар эмас!»
(Ҳуд сурасининг охирги ояти)
Давоми бор …