Дунёга алданиб қолдик, лекин яхшиям бизнинг Меҳрибон Раббимиз бор…
Дунё жуда тезлик билан ўзгариб, остин-устун бўлиб кетяпти, биз ҳатто ўзимизнинг нақадар заиф, илмсиз, жоҳил, тез ва такрор-такрор алданиб қолаверадиган ожиз банда эканлигимизни эътироф этишга ҳам улгурмай қоляпмиз …
Эй Раббим, яхшият Ўзинг бизнинг меҳрибон Раббимизсан, яхшиям Сендек марҳаматли Парвардигорнинг қулимиз, яхшиям қалбида заррача иймони бор бандангни афв қилиб, охир-оқибат барибир жаннатингга киритишни ваъда қилиб бизни хотиржам қилгансан…
Бироқ, биз – осий бандаларинг Сен Ўзинг айтганингдек Сенинг нақадар буюк Зот эканлигингни билмасдан – тўла ишонч билан собитқадам турмасдан, шу жон куйдиришга арзимайдиган, тез-тез ўзгариб кетаверадиган, бир лаҳзалик дунё ҳаётига алданиб қоляпмиз. Ўзинг бизларни кечир…
«Эй инсон, нима сени улуғ Парвардигоринг ҳақида (Унга ибодат қилиб яшамасанг ҳам бўлаверади, деб) алдаб қўйди?! У сени яратиб, сўнг (барча аъзоларингни) тиклаб, сўнг (қоматингни ҳам) расо қилиб, қўйган Зот-ку!… «
(Инфитор сураси, 6-7 оятлар)