Раббингиз золим шаҳарларни ушлаши аламли ва қаттиқдир

«96. Дарҳақиқат, Биз Мусони ўз оят-мўъжизаларимиз ва очиқ ҳужжат билан (Аллоҳнинг элчиси қилиб) юбордик.

97. (Мусони) Фиръавн ва унинг зодагонларига юборганимизда, улар Фиръавннинг амрига эргашдилар. Ҳолбуки, Фиръавннинг амри тўғри эмас(лиги аниқ, зулму туғёнга кетгани барчага кундек равшан эди)!

98. У (Фиръавн) Қиёмат кунида ўз қавмини бошлаб бориб дўзахга туширади. У – жаҳаннам тушиладиган энг ёмон жойдир!

99. Уларга бу дунёда ҳам Қиёмат кунида ҳам лаънат айтилади. (Аллоҳ лаънат айтади, фаришталар ва бутун халойиқ ҳам уларни лаънатлашади), у (жазо) бериладиган энг ёмон «ёрдам»дир.

100. (Эй Расулуллоҳ), мана шу шаҳарлар (ўтган пайғамбарларнинг қавмларида рўй берган ибратли воқеалар)нинг хабарларидандир, Биз сизга уларнинг қиссасини айтиб беряпмиз. Улардан (ўтган қавмлардан қолиб кетган шаҳарлардан ҳали-ҳануз обод-соғ) турганлари ҳам бор, ўрилиб битганлари (хароб бўлиб, йўқ бўлиб кетганлари) ҳам бор.

101. Уларга Биз зулм қилмадик, балки ўзларига ўзлари зулм қилдилар, бас, қачонки, Парвардигорингизнинг фармони (яъни, азоби) келганида, Аллоҳни қўйиб, илтижо қиладиган бутлари уларни ҳеч нарсадан беҳожат қилмади ва уларга зиёндан ўзга бирон нарса келтирмади!

102. Раббингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганида мана шундай ушлайди. Унинг ушлаши-азоби аламли ва қаттиқдир.

103. Албатта бу қиссаларда Охират азобидан қўрққан кишилар учун оят-ибратлар бордир. У Кун барча одамлар тўпланадиган ва ҳозир бўлинадиган Кундир.

104. Биз уни фақат саноқли муддатгача таъхир қилиб, кечиктириб турамиз, холос».

 

Эслатма:

Аллоҳ хабар қилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу аллайҳи ва саллам ҳадиси шарифларда шарҳлаб берган қиссаларни батафсил ўқиб, ўрганиб, улардан ҳаётимизнинг турли жабҳалари учун тўғри хулосалар олиб яшашимиз дакрор.

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•