Корона гуноҳларимиз нақадар жирканч даражага етганини эслатмоқда
Коронавирус гуноҳларимиз ўзимизни нақадар саситиб, жирканч қилиб ташлаганини кўрсатиб, гўё ҳар биримизга қарата: «Сен ҳатто қўл бериб саломлашишга ҳам арзимайдиган бўлиб кетдинг…» деётгандек.
Яқинда саудиялик аҳли илмлардан бири шайх Абдуллоҳ Ал-Мутлақ: «Бу кунларда қўл бериб сўрашиш жоизмас, касаллик тарқалиши олдини олиш вожиб…» деб фатво берди.
Ҳозир Мадинаи мунаввара шаҳрида ҳам имкон қадар кўчага чиқмасликка ҳаракат қиляпмиз. Бирон зарур иш билан чиқсак, бир-бирини учратиб қолган танишлар қўл бериб саломлашишдан ўзларини олиб қочаётганликларига гувоҳ бўляпмиз.
Бу ҳолат менга буюк табаи тобеийлардан имом Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ 12 аср муқаддам айтган сўзларини кўз ўнгимга келтиряпти:
«لَوْلَا سِتْرُ اللهِ عَزَّ وَجَلَّ مَا جَالَسَنَا أَحَدٌ»
«Агар Аллоҳ бизни(нг гуноҳ-маъсиятимизни, айбу нуқсонимизни) Ўзининг раҳмат пардаси ила тўсиб турмаганда ҳеч ким биз билан ҳамсуҳбат бўлмас эди!»
(Имом Байҳақий «Шуабул-иймон китобида ривоят қилганлар: 6/290)
Эй Раҳмон, эй Раҳим, эй Ғафур, эй Таввоб бўлган Раббимиз Аллоҳ, Ўзинг бизларни афв эт, раҳмат пардаларингни кўтариб олмагин, гуноҳларимиздан тезроқ покланиб олишимизга муваффақ қил …
Муҳиддин Обидхон