Вируслар даврида Аллоҳ ким билан бирга? (Илоҳий башоратлар)
COVID-19 деган ном берилаётган коронавирус вабоси фитна-фасод, зулму туғён авж олган бугунги дунёни остин-устун қилар экан, бундай ҳолатда АЛЛОҲ ТАОЛО КИМ БИЛАН БИРГА бўлади?
Ушбу саволга қуйидаги ояти карималарнинг қисқа-қисқа маъноларида илоҳий жавоб ва башоратлар бор, алҳамду лиллоҳ.
1. Биринчи турдаги ояти карима:
«АЛБАТТА АЛЛОҲ МЎМИНЛАР БИЛАН БИРГАДИР»
Аллоҳ таоло Анфол сурасининг 19-оятида марҳамат қилади:
«… Албатта Аллоҳ кофирларнинг ҳийласини заиф қилгувчи Зотдир. (Эй Маккаи мукаррамадаги кофирлар), агар ғалабани истаган бўлсангизлар, мана, сизларнинг (зиёнингизга) ғалаба келди, Агар (пайғамбарга қарши урушишдан) тўхтасангизлар, бас, бу ўзингиз учун яхшидир. Агар (яна урушга) қайтсангизлар, Биз ҳам қайтамиз ва гуруҳингиз қанча кўп бўлмасин, сизларни ҳеч нарсадан беҳожат қила олмайди. Албатта, Аллоҳ мўминлар билан биргадир!»
Эътибор берайлик, «Аллоҳ мўминлар билан бирга» деяпти, мусулмонлар билан эмас. Маълумки, мўминлик мақоми мусулмонлик мақомини ўз ичига олиш билан бирга, Аллоҳ таолога чин қалб билан, жуда ҳам кучли ишонч ила янада мукаммалроқ даражаларга кўтарилишни ифода этади.
2. Иккинчи турдаги ояти карималар:
«АЛБАТТА АЛЛОҲ САБР ҚИЛГУВЧИЛАР БИЛАН БИРГАДИР»
(Бақара: 153, 249, Анфол: 46, 66)
Аллоҳ таоло Бақара сураси 153-оятида марҳамат қилади:
«Эй иймон келтирган зотлар, сабр қилиш ва намоз ўқиш билан (Аллоҳдан) мадад сўранглар! Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир».
3. Учинчи турдаги ояти карима:
«АЛБАТТА АЛЛОҲ ТАҚВО ҚИЛГУВЧИЛАР БИЛАН БИРГАДИР»
(Бақара: 194, Тавба: 36, 123)
Аллоҳ таоло Бақара сураси 194-оятида мараҳмат қилади:
«Аллоҳдан қўрқингиз! Ва билингларки, албатта Аллоҳ муттақийн (тақво қилгувчилар – Ягона Аллоҳнинг Ўзидан қўрқувчилар) билан биргадир».
4. Тўртинчи турдаги ояти карима:
«АЛБАТТА АЛЛОҲ ТАҚВО ҚИЛГАН ВА МУҲСИН БЎЛГАН ЗОТЛАР БИЛАН БИРГАДИР»
(Наҳл: 128)
Аллоҳ таоло Наҳл сураси 128-оятида марҳамат қилади:
«Албатта Аллоҳ тақво қилган ва муҳсин бўлган (солиҳ амалларни холис ва мукаммал даражда бажариб яшайдиган) зотлар билан биргадир».
5. Бешинчи турдаги ояти карима:
АЛЛОҲ РАСУЛУЛЛОҲ БИЛАН БИРГА БЎЛАДИГАН –СУННАТЛАРИНИ ЛОЗИМ ТУТАДИГАН МЎМИНЛАР БИЛАН БИРГАДИР
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратдаги ҳамроҳлари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга кофирлардан қочиб, Савр ғорида беркиниб, бир неча кун ўша ерда худди ҳалокатли қамалда қолгандек бўлиб ўтиришган пайт руҳий далда бериб айтгандиларки: «Ғамгин бўлманг, шубҳасиз, Аллоҳ биз билан биргадир».
Бу ҳақида Аллоҳ таоло Ўзи Тавба сурасининг 40-оятида хабар беради:
«Агар сизлар (эй инсонлар), унга (яъни, Пайғамбар алайҳиссаломга) ёрдам қилмасангиз (иймон келириб эргашмасангиз, Аллоҳнинг Ўзи унга нусрату ғалабаларини ато этади). Уни кофирлар икки кишининг бири бўлган ҳолида (яъни, бир ҳамроҳи – Абу Бакр Сиддиқ билан Маккадан) ҳайдаб чиқарганларида, унга Аллоҳ ёрдам берди-ку. Ўшанда икковлон ғорда бўлган пайтларида ҳамроҳига: «Ғамгин бўлманг! Шубҳасиз, АЛЛОҲ БИЗ БИЛАН БИРГАДИР!» дер экан, Аллоҳ унинг устига хотиржамлик туширди ва уни сизлар кўрмаган лашкарлар (яъни, малоикалар) билан қўллаб-қувватлади ҳамда кофир бўлган кимсаларнинг сўзларини тубан қилиб қўйди, Аллоҳнинг сўзигина юксак сўздир. Аллоҳ Ал-Азийз (чексиз қудрат эгаси), Ал-Ҳакийм (барча ишларини буюк ҳикматларга асослаб қўйган) Зотдир».
Эътибор берайлик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлган Абу Бакр Сиддиқ бундай улуғ мақомга қандай қилиб эришганлар? Албатта, у зотга тўла иймон келтириш билан бирга суннатларини, сийратларини, ахлоқу одобларини, илму ҳикматларини, саъй-ҳаракат ва жиҳодларини мукаммал даражада лозим тутганликлари учун.
Бинобарин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин ҳам араб қабилалари диндан қайтиб, муртад бўлиб, Исломга қарши жанг қилган пайтлари Аллоҳ таоло Абу Бакр Сиддиқ бошчиликларидаги саҳобаи киромлар билан БИРГА бўлиб, уларга Ўзининг нусрату ғалабаларини нозил этди.
6. Олтинчи турдаги ояти карима
АЛЛОҲ ЎЗИГА ВА РАСУЛИГА ИТОАТ ЭТАДИГАН, ҲАҚ ЙЎЛДА СОБИТҚАДАМ ТУРАДИГАН МЎМИНЛАР БИЛАН БИРГАДИР
Аллоҳ таоло Муҳаммад сураси 33-36 оятларида марҳамат қилади:
«Эй иймон келтирган зотлар, Аллоҳга итоат этингиз ва Пайғамбарга итоат этингиз! Ва (куфр ё мунофиқлик йўлига кириш орқали ўзларингиз бажарган) амалларингизни ботил-бефойда қилиб қўйманглар! Албатта кофир бўлган ва (ўзларидан бошқа одамларни ҳам) Аллоҳ йўлидан тўсган, сўнгра кофир ҳолларида ҳалок бўлган кимсаларни Аллоҳ ҳаргиз мағфират қилмас! Бас, (эй мўминлар), сизлар (у кофирларга қарши курашаётганингизда ҳаргиз) сусткашлик қилмангиз ва (уларни) ярашга ҳам чақирмангиз (арзимас дунёвий роҳатга интилиб, кофирларга пастдан келиб ялинмангиз)! Аллоҳ сизлар билан биргадир ва У ҳаргиз қилган амалларингизнинг савоб-мукофотини) камайтирмас. Албатта бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгидир. Агар сизлар иймон келтирсангизлар ва тақво эгалари бўлсангизлар У Зот сизларга ажр-мукофотларингизни берур ва сизлардан мол-дунёларингизни сўрамас…».