Жумъа ва жамоат намозлари жиддий хавф-хатар пайтида соқит бўлади

Бўлимлар: Муносабат

Кириш сўзи:

Коронавирус деярли ҳаммамиз учун жазо бўляпти, гарчи унга чалинаётганларнинг кўпчиликлари Аллоҳнинг марҳамати ила шифо топиб кетаётган бўлсалар ҳам, алҳамду лиллоҳ. Яна Аллоҳ Ўзи ҳаммадан кўра яхшироқ Билгувчи Зотдир.

Минг афсуслар бўлсинки, аксариятимиз «биз мусулмонмиз» деб туриб ўз динимизга амал қилмай қўйдик, динимизни кофиру золимлардан ҳимоя қилолмай қолдик, мусулмонлар диёрида тарқалиб кетган фисқу фасод ва ахлоқсизлигу беҳаёликларга қарши курашолмадик, мазлум биродарларимизга ёрдам қўлимизни чўзмасдан, уларни золиму ваҳшийлардан қутқара олмадик. Энди бошимизга бундан баттар балою азоблар келмаса бўлди ишқилиб, Аллоҳ Ўзи асрасин, гуноҳларимизни кечирсин, барчамизни Ягона Ўзига тавба-тазаррулар қилишга муваффақ қилиб, коронавирус балосини ҳам бошқа балою мусибатларни ҳам бошимиздан кўтарсин.

Биз асло ваҳима кўтармоқчи эмасмиз, бироқ бошимизга тушган аччиқ ҳақиқатларни англаб, ўзимизни ислоҳ қилишга жиддий ҳаракат қилмасак ўзимизни ўзимиз ҳалокатга улоқтириб юборишимиз мумкин, «дўст ачитиб гапирар, душман кулдириб» деб бежиз айтилмаган. Қалб кўзимизни очишга шошилайлик.

 

Жумъа ва жамоат намозлари жиддий хавф-хатар пайтида соқит бўлади

Аллоҳ таоло биздек ожизу гуноҳкор бандаларига яна Ўзининг марҳаматини жуда ҳам кенг қилиб қўйгани туфайли, Ислом динимизда жумъа ва жамоат намозларини жиддий хавф туғилган пайтларда соқит бўладиган қилиб берган.

Бугун коронавирус мусулмон диёрларда ҳам кенг тарқала бошлади. Ишончли дўхтирлар ва мутахассислар қандай маслаҳат бераётганликлари деярли ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Улар: «Имкон қадар ўзларингизни ҳам бошқаларни ҳам эҳтиёт қилиб, бу касаллик яна ҳам кенгроқ доираларга тарқалиб кетмаслиги учун уйларингизда ўтириб турнглар, заруратсиз кўчага чиқманглар…» дейишяпти.

Ислом фиқҳи ҳар бир соҳанинг ўз мутахассислари фикрини ўрганишга ва шариати мутаҳҳарага мувофиқ келадиган тарзда уларнинг кўрсатмаларига амал қилишга буюради.

Шундан келиб чиқиб, биз ҳам «Бугунги кунда жумъа ва жамоат намозларининг вожиблиги коронавирус хатари туфайли мусулмон эркакларнинг зиммаларидан соқит бўлади…», деб фатво берган мўътабар уламоларга эргашамиз. Аёлларга ва ёш болаларга эса, аввалдан вожиб қилинмагани ҳаммага маълум.

Иншоаллоҳ яқин кунларда ушбу вабо хатари йўқ бўлиб кетади, деб Ягона Аллоҳнинг Ўзидан умид қиламиз ва ҳар биримиз беш вақт фарз намозларни ўз уйимизда имкон қадар мукаммал суратда бажо этиб турамиз. Оила аъзоларимиз билан бирга уйимиздаги намозхонамизда жамоат бўлиб ўқишга ҳаракат қиламиз.

Меҳрибон Раббимизга яна қайта-қайта ёлворамиз, барча гуноҳларимизни Ўз мағфиратига олгин, умматимиз бошидан тезроқ барча балоларни кетказгин…

Омин Ё Раббал-оламийн…

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•