Расулуллоҳга шикоят қилган туя
Бўлимлар: 02. Ҳадис
Абу Жаъфар Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳумо айтадилар:
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени орқаларига (ўз маркабларига) мингаштириб бир сир айтдилар. Мен уни одамларнинг ҳеч бирига айтмайман.
(Росулуллоҳнинг сир деб айтган бу сўзларини ўлгунимча яшириб яшайман).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожатларини чиқариш учун яширинадиган ерлари бирон жойга бориш ёки бирон хурмозорнинг деворлари орасига кириш бўларди. Шу тарзда (одамларнинг кўзидан йироқ бўлган жойга бориб), яшириниб бажаришни яхши кўрардилар.
Ўша куни ансорийлардан бўлган бир кишининг хурмозорига кирган эдилар, у ерда бир туя бор экан. У туя Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриши биланоқ қийналган ҳолида секин-аста юра бошлади ва кўзларидан ёшлар оқиб йиғлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарҳол унинг олдига келиб, уркачини ва қулоғининг орқасидаги тер чиқадиган жойларини силаган эдилар, туя сокин бўлди.
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ўша ердаги инсонлардан): Бу туянинг эгаси ким?, деб сўрагандилар, бир ансорий йигит келиб: Бу менинг туямдир, эй Расулуллоҳ, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у йигитга юзланиб шундай дедилар:
«أفَلاَ تَتَّقِي اللهَ في هذِهِ البَهِيمَةِ الَّتي مَلَّكَكَ اللهُ إيَّاهَا ؟ فَإنَّهُ يَشْكُو إلَيَّ أنَّكَ تُجِيعُهُ وتُدْئِبُهُ»
«Аллоҳ сени бу ҳайвонга хўжайин қилиб қўйган экан, у (сен уни нақадар қийнаб юбораётганингни айтиб гапира олмайдиган) ҳайвон(нинг ҳақ-ҳуқуқи) борасида сен Аллоҳдан қўрқмайсанми ахир? Бу (туя ҳозир) менга шикоят қилиб айтдики, сен уни оч қолдирар экансан ва (унга оғир ишларни юклаб, уни қаттиқ) чарчатиб ташлар экансан!».
(Саҳиҳи сунани Аби Довуд: 2549-ҳадис, Муснади Аҳмад: 3/195)
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•
https://telegram.me/islomovozi