Ўлим тўшагида ўқиладиган дуолар
Кутилмаган лаҳзада ўлим тўшагига ётиб қолиш, тўсатдан ҳалок бўлиш кўпайиб кетган даврда яшаяпмиз. Қиёматга яқин мана шундай ўлимлар кўпайиб кетиши саҳиҳ ҳадисларда айтиб қўйилган.
Шундай экан, бахтли мўминлар қуйидаги дуоларни такрор-такрор ўқиб, ёд олиб, ҳар лаҳзада ва ҳар қандай ҳолатда иймон билан, қалблари ва тиллари Аллоҳни зикр қилган ҳолида вафот этиб кетаверишга тайёр бўлиб юрадилар.
Биринчи дуо:
Уммул-муъминин Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам (вафотларидан озгина олдин) менга суянган ҳолларида шундай деётганларини эшитдим:
«اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي وارْحَمْنِي ، وأَلْحِقْنِي بالرَّفِيقِ الأَعْلَى»
متفقٌ عَلَيْهِ
Арабча матннинг кириллда ёзилиши:
«Аллоҳуммағфир лий варҳамни ва алҳиқний бир-рафийқил-аълаа»
(Саҳиҳул-Бухорий: 4440-ҳадис, Саҳиҳи Муслим: 2444-ҳадис)
Дуонинг маъноси:
«Эй Аллоҳ, мени(нг барча гуноҳларимни ўчириб) мағфират этгин, менга Ўзинг раҳм қилгин ва мени энг Олий Рафийқ (ҳалимлик ила ҳамроҳ бўладиган зот Ягона Аллоҳ) ҳузурига етказгин».
Иккинчи дуо:
Яна Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлим (келган пайт)да кўрдим, олдиларидаги идишда сув бор эди, қўлларини ана шу идишга киргизиб (намлатиб), сув билан юзарини артдилар. Сўнг шундай дедилар:
«اللَّهُمَّ أعِنِّي عَلَى غَمَرَاتِ المَوْتِ أَوْ سَكَرَاتِ المَوْتِ»
رواه الترمذي
«Аллоҳумма аъинний алаа ғамаротил-мавт» ёки «Аллоҳумма аъинний алаа сакаротил-мавт».
(Сунани Термизий: 978-ҳадис)
Маъноси:
«Эй Аллоҳ, ўлим келганда дуч келинадиган шиддатлар, талвасага солиб қўядиган оғир ҳолатлар устидан ғолиб бўлишимга Ўзинг ёрдам бергин».
Учинчи дуо:
لاَ إلهَ إِلاَّ اللهُ وَاللهُ أكْبَرُ ، لاَ إلهَ إِلاَّ اللهُ وَحدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ ، لاَ إلهَ إِلاَّ اللهُ لَهُ المُلْكُ وَلَهُ الحَمْدُ ، لاَ إله إِلاَّ اللهُ وَلاَ حَوْلَ وَلاَ قُوَّةَ إِلاَّ باللهِ»
«Лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаа илааҳа иллаллоҳу лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамду, лаа илааҳа иллаллоҳу ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ».
Маъноси:
«Аллоҳдан ўзга ибодатга ҳақли ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ягона Аллоҳнинг Ўзи Ҳақ Илоҳдир. Аллоҳ энг Буюк Зотдир. Аллоҳдан ўзга ибодатга ҳақли ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ягона Аллоҳнинг Ўзи Ҳақ Илоҳдир. У Ягона Зот, Унинг ҳеч қандай шериги йўқ. Аллоҳдан ўзга ибодатга ҳақли ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ягона Аллоҳнинг Ўзи Ҳақ Илоҳдир. Барча мулк (бутун коинот устидан подшоҳлик) ягона Ўзи учундир, барча ҳамду санолар ҳам Унинг Ўзи учундир. Аллоҳдан ўзга ибодатга ҳақли ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ягона Аллоҳнинг Ўзи Ҳақ Илоҳ. Ҳеч қандай куч-қувват йўқ, фақатгина Аллоҳнинг ёрдами ила, ҳеч нарсада (яхшилик томон) ҳеч қандай ўзгариш ҳам рўй бермайди, фақатгина Унинг Ўзининг ёрдами ила».
Абу Саид Ал-Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Ким ушбу (зикр)ни айтса Унинг Парвардигори (Аллоҳ таоло) уни тасдиқлаб туради… Ким ушбу зикрни бетоблик ҳолида айтса, сўнг вафот этса, дўзах уни емайди (яъни, унга тегмайди, у албатта жаннатга киради)».
(Сунани Термизий: 3430-ҳадис, Сунани Ибн Можа: 3794-ҳадис)
•┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈•
Ислом Овози телеграми