Илоҳий етти сир ва унинг ҳикматлари
Навбатдаги рисоламизда Аллоҳнинг мадади ила илоҳий сирлардан еттитаси ва уларни яшириб қўйилишидан кўзланган ҳикматлардан айримлари билан танишамиз.
- Қиёмат соати ва ўлим лаҳзаси:
Бандалардан яшириб қўйилган ушбу илоҳий сирнинг улкан ҳикматлари бор. У ҳақда уламоларимиз ояту ҳадисларнинг тафсир ва шарҳларида батафсил баён қилганлар.
Ўлим соати ҳар лаҳзада келиб қолиши мумкин бўлгани учун ҳар биримиз унга доимо тайёр турмоғимиз даркор, зеро ажали келган одамнинг қиёмати қоим бўлибдир, қиёмат эса жазо ва мукофот куни, у кунда на амал ва на тавба қабул бўлади.
Ҳозир қабрда ётганлар «қанийди дунёга яна бир бор қайтсам-у, бутун умримни ибодат билан ўтказсам…» деб самарасиз орзу қилиб ётишмоқда.
Кўпчилик ғофил инсонларга ўхшаб, Аллоҳ томонидан берилган ҳаёт муҳлати тугаб бўлганидан кейин кўзимиз очилишини кутиб ўтирмайлик, балки тезроқ ва ҳозироқ қалб кўзларимизни очайлик, Парвардигоримизга тавба-тазаррулар ва солиҳ амаллар қилишга, қайта такрорланмайдиган ягона фурсат бўлмиш қисқагина умримизни ғанимат билишга шошилайлик!
- Қадр кечаси:
Лайлатул қадр кечаси Рамазон ойининг охирги ўн кунидаги тоқ кечалардан биридир. У кечани холис ибодатлар билан тўлдириб ўтказиш (лайлатул қадрсиз) минг ой (83 йил) тўхтамасдан ибодат қилиб чиқишдан афзал.
Лайлатул қадр ушбу муборак рамазон ойининг 27-кечасида бўлиши эҳтимоли кучли эканлиги баъзи ҳадисларда ворид бўлган. Бироқ, у қатъий тарзда белгиланмаганлиги учун илоҳий сирлардан бири ҳисобланади.
Нима учун яшириб қўйилганлиги эса, деярли ҳаммамизга маълум.
Рамазон ойи бошидан охиригача энг қимматбаҳо лаҳзалардир. Айниқса охирги ўн кунлигини янада яхшироқ ғанимат билиб, саноқли кечаларда кўп-кўп ибодатлар қилиб олишимиз лозим ва шу билан бирга бажарган амалларимиз билан ҳеч қачон мағрурланиб қолмаслигимиз даркор. Ана шунда иншоаллоҳ Қадр кечасига муваффақ бўламиз.
- Жумъа кунидаги мустажоб дуо вақти:
Саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат бердилар:
«Жумъа кунида шундай бир соат – бир вақт борки, қайси бир мўмин банда ана шу вақтда Аллоҳ таолога илтижо қилиб, У Зотдан яхшиликни сўраб турган бўлса, албатта Аллоҳ унинг тилагини беради».
Ушбу вақтни таъйинлашда ҳам уламоларнинг бир неча ижтиҳодлари бор.
Баъзилари «бу ҳадис билан жумъа хутбаси ва жумъа намози кўзда тутилган, кимки ана шу жумъа ибодатида мукаммал равишда иштирок этса, унинг тилаклари абатта ижобат бўлади» , деганлар.
Бошқа уламолар эса: «Жумъа ибодатининг фазилати ўзига хос ва жуда ҳам улкан, бунда шак-шубҳа йўқ, лекин бу вақт эса Аллоҳнинг Ўз бандаларига ато этган яна бир улкан инъоми бўлиб, у асрдан то шом намозигача бўлган вақтдир», деганлар.
Валлоҳу аълам.
Демак, бу илоҳий сир ҳам бизнинг Аллоҳ таолога имкон қадар кўпроқ илтижолар қилиб туришимизга чорламоқда.
- Мўмин кишининг амалларидан қайси бири унга жаннатни вожиб қилади?
Бу ҳам бандалардан яшириб қўйилган илоҳий сирлардан биридир.
Бунинг ҳам ҳикмати юқорида айтилганидек, Аллоҳ берган умрни ғанимат билишга, унда кўп-кўп ибодатлар қилиб олишга ва ҳеч қачон бажарган амалларимиз билан мағрурланиб қолмаслигимизга ундайди.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан бир киши ёрдам сўраб келди. Шунда Ибн Умар ўғилларига буюрдилар: бу кишига бир дийнор бергин. Ўғиллари оталарининг талабларини бажарганларидан сўнг дуо қилиб дедилар: Отажон, Аллоҳ сиздан (ушбу садақангизни) қабул этсин!
Шунда Ибн Умар жавоб бердилар:
Агар Аллоҳ мендан бир сажда қилганимни ёки бир дирҳам садақа берганимни қабул қилганини билганимда эди, менга ўша пайт ўлимдан кўра суюклироқ нарса бўлмасди. Биласанми Аллоҳ кимнинг амалини қабул қилади?
«Аллоҳ фақатгина муттақин -ҳақиқий тақво аҳлидангина қабул қилур». (Моида сураси, 27-оят).
(Имом Ибн Абдилбарнинг Тамҳид китоблари, 427-асар)
- Қайси биримиз Аллоҳга яқин дўст бўла олаяпиз?
Ер юзида Аллоҳга дўст бўлган мўмин инсон қолмаган куни Қиёмат қоим бўлади.
Аллоҳнинг дўстлари эса, турли даражаларда бўладилар.
Кимдир Аллоҳга жуда ҳам яқин бўлади, чунки унинг қалбида У Зотга бўлган иймон жуда ҳам юксак даражада, солиҳ амаллари ҳам ихлос ва суннатга мувофиқ равишда жуда ҳам гўзал.
Яна кимдир иймони заифлиги, гуноҳу маъсиятлари кўпайиб кетганлиги туфайли унинг Аллоҳга бўлган дўстлиги хавф-хатар остида қолган, у ўзи билиб-билмаган ҳолида борган сари жарлиқ томон кетаётган бўлади. Аллоҳ асрасин.
Хуллас, орамизда Аллоҳга яқин бўлган мўминлар борлар.
Бу ўринда эслатмоқчи бўлаётганимиз савол шуки: дунёнинг тинчлиги маълум даражада сақланиб туришига сабабчи бўлиб турган мўмин зотларнинг шахсларини таъйинлаб ким айта олади?
Ҳеч биримиз муайян шахсларга бундай деб гувоҳлик беролмаймиз!
Шунинг учун бу ҳам илоҳий сирлардан ҳисобланади, унинг ҳикмати ҳам юқорида зикр қилинганидек, Аллоҳ таолога илтижолар қилиб яшашимиз, ўз нафсимизга бино қўйиб юбормаслигимиз лозимлигини кўрсатади.
- Ким ўзининг ёки бошқаларнинг мўмин ёки кофир ҳолатида вафот этишини аниқ айта олади?
Жавоб: ҳеч ким!
Чунки бу ҳам илоҳий сирлардан яна бири. Бунинг ҳам ҳикматлари ҳақида ояту ҳадисларда кўпдан-кўп эслатмалар бор.
Жумладан қуйидаги ҳадиси шариф:
«Шак-шубҳасиз, сизлардан ҳар бир кишининг яратилиши онасининг қорнида қирқ кун ичида «нутфа» – томчи сув ҳолида амалга ошади. Сўнг худди шунча муддат ичида «алақа» – лахта қон ҳолида бўлади. Сўнгра яна шунча вақт ичида «музға» – бир парча гўшт ҳолида бўлади. Кейин унга бир фаришта юборилади ва ўша фаришта унга жон пуфлайди. Сўнг фариштага шу инсоннинг тақдирига тааллуқли бўлган тўрт нарсани – ризқи, ажали, амали ҳамда бахтсиз ёки бахтли эканини ёзиш фармон қилинади.
У Зотдан бошқа ҳеч қандай (ҳақ) илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, сизлардан бирингиз жаннат аҳлининг амалларини қилиб юради, ҳатто у билан жаннат ўртасида бир газгина масофа қолади. Шунда унинг китобидаги ёзув вақти етиб, у дўзах аҳлининг амалини қилиб қўяди-да, дўзахга кириб кетади! Сизларнинг яна бировингиз дўзах аҳлининг амалларини қилиб юради, ҳатто у билан жаҳаннам ўртасида бир газгина масофа қолади. Шунда унинг китобидаги ёзув вақти келиб, у инсон жаннат аҳли амалини қилади-да, жаннатга кириб кетади».
(Муттафақун алайҳи)
Ҳадиси шарифдан олинадиган айрим хулосалар:
* Ҳар биримиз энг аввало ўз нафсимиз ҳақида :
– А. Қилиб қўйган гуноҳларимиз туфайли умидсиз бўлиб қолмаслигимиз зарур;
– Б. Бажо этиб юрган солиҳ амалларимиз ва яхшиликларимиз туфайли мағрурланиб қолмаслигимиз даркор .
* Ўзгалар ҳақида ҳам:
– А. Бировнинг ёмонликларини кўриб: «бу кимса одам бўлмайди…» қабилида ҳукм чиқариб, уни Аллоҳнинг марҳаматидан умидсиз қилиб юборишдан ҳазар қилиш;
– Б. Ёки унинг яхшилкларини кўриб: «бу киши Аллоҳнинг авлиё – дўстларидан, энг улуғ инсонлардан» деб, унинг қалби ва охиратдаги ҳукми ҳақида ўзимизча гувоҳлик бериб юборишдан эҳтиёт бўлишимиз лозим.
- Аллоҳ таолонинг «ИСМИ АЪЗАМ»и :
«ИСМИ АЪЗАМ» (Аллоҳ таолонинг энг буюк исми) билан дуо қилган кишининг дуоси албатта қабул бўлади, бунда шак-шубҳа йўқ.
Лекин, ана шу «ИСМИ АЪЗАМ»дан кўзланган мақсад нима ёки у қайси исм, деган масалада уламоларнинг ўрталарида турли ижтиҳодлар бор.
Жумладан, бир тоифа уламоларнинг изланишларига кўра, Аллоҳнинг «ИСМИ АЪЗАМИ»ни муайян бир исм билан чеклаб қўйилмаганлигининг ҳикмати қуйидагича:
«Исми Аъзам»га етиш учун мўмин киши Аллоҳнинг барча гўзал исмларини чуқур ўрганиб чиқишга кўпроқ интилади ва ҳар бир илоҳий гўзал исмни ўз ўрнида зикр қилиб, чин қалби билан Аллоҳ таолога ёлвориб дуо қиладиган бўлади.
Натижада, дуоси мустажоб бўлган мўминлар даражасига етади. Аллоҳга холис ният ила қанча кўп илтижолар қилса жаннатдаги мартабаси шунча юксак мақомларга кўтарилиб боради.
Валлоҳу аълам.
«Ислом Овози» таҳририяти
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•