Сиз ҳам подшоҳсиз

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

{وَإِن تَعُدُّوا نِعْمَةَ اللَّهِ لَا تُحْصُوهَا}.
[النحل: 18].

«Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар».

(Наҳл сураси, 18-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«مَنْ أَصْبَحَ مِنْكُمْ آمِنًا فِي َسِرَبِهِ ، مُعَافًى فِي جَسَدِهِ ، عِنْدَهُ قُوتُ يَوْمِهِ ، فَكَأَنَّمَا حِيزَتْ لَهُ الدُّنْيَا».
رواه البخاري في الأدب المفرد والترمذي في السنن. وزاد في «المشكاة»: «بحذافيرها»

«Қайси бирингиз уйида – аҳли-оиласида тинч-омон, аъзойи бадани соғ-саломат, кунлик таоми мавжуд ҳолида тонг оттирган бўлса, дарҳақиқат, дунё (нинг барча ноз-неъматлари) унга жамулжам қилиб берилибди».

(Имом Бухорий «Адабул-муфрад» китобида, имом Термизий «Сунан» тўпламларида ривоят қилганлар).

سأل عَبْدَ اللَّهِ بْنَ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ رَجُلٌ (من المهاجرين) فَقَالَ : أَلَسْنَا مِنْ فُقَرَاءِ الْمُهَاجِرِينَ ؟

فَقَالَ لَهُ عَبْدُ اللَّهِ :

أَلَكَ امْرَأَةٌ تَأْوِي إِلَيْهَا ؟

قَالَ : نَعَمْ.

قَالَ : أَلَكَ مَسْكَنٌ تَسْكُنُهُ ؟

قَالَ : نَعَمْ.

قَالَ : فَأَنْتَ مِنَ الْأَغْنِيَاءِ.

قَالَ : فَإِنَّ لِي خَادِمًا.

قَالَ : فَأَنْتَ مِنَ الْمُلُوكِ»!.

رواه مسلم

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан (муҳожирлардан бўлган) бир киши сўради:

Биз ҳам (Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида мақтаган) камбағал муҳожирлардан эмасмизми?

Шунда Абдуллоҳ ибн Амр ундан сўрадилар:

Сен билан бирга ётадиган аёлинг йўқми?

У киши жавоб берди: бор.

Абдуллоҳ ибн Амр яна сўрадилар:

Яшаб турган уйинг йўқми?

У киши жавоб берди: бор.

Абдуллоҳ ибн Амр дедилар:

Демак сен бойлар қаторида экансан!

У киши айтди: менинг хизматчим ҳам бор.

Абдуллоҳ ибн Амр дедилар:

Ундай бўлса, сен подшоҳлардан экансан!

(Имом Муслим ривоятлари).

  • Киракашнинг ҳидояти:

Устозларимиздан бирлари ҳикоя қиладилар:

Бир аҳли илм киши Дубайга сафар қилганларида, кўчада киракашлик қилиб юрган одам Аллоҳнинг тақдиридан норизо бўлгандек: «мен эрталабдан кечгача киракашлик қилиб, ҳалол меҳнат билан зўрға 200-300 дирҳам топаман. Анави қасрларда яшаётган бойлар эса, ётоқхонасида фисқу фасод қилиб ётган жойида миллион-миллион пул топиб яшаяпти. Буни қандай тушуниб бўлади?!», дебди.

Шунда у олим киши унинг саволига савол билан мурожаат қилиб:

«Сизга 10 миллион бераман, икки кўзингизни менга сотинг», дебдилар.

У одам: «нималар деяпсиз! Миллиард берсангиз ҳам сотмайман!», деб жавоб қилибди.

Шайх яна сўрабдилар:

Неча миллиард сўрасангиз ҳам бераман, қулоғингизни, қўлингизни, оёғингизни, мийянгизни сотинг, илтимос!», деб инсоннинг аъзойи баданига ато этилган неъматларидан айримларини санаб чиқибдилар.

У киракаш «бутун дунё бойликларини берсангиз ҳам сотмайман», деб жавоб берибди.

Шайх:

«Мана, сизга ҳам Аллоҳ таоло бутун дунё бойликларидан қиммат турадиган бебаҳо неъматларини берган экан, сиз ҳам миллиардер экансиз, нима учун ўзингизни ўзингиз сиқиб, ўзингизи ўзингиз бахтсиз қиласиз?! Сиз ишора қилаётган қасрларда яшаётган бойларнинг бошида қанча-қанча бало-мусибатлар борикин, билмайсиз. Сиз ўзингиз ҳис қилмаган ҳолингизда улкан офият ичида яшаяпсиз, Аллоҳга шукроналар айтиб, тақдирига рози бўлиб, берганига қаноат қилиб яшасангиз энг бахтли инсонлардан бўласиз!», деб насиҳат қилибдилар.

Шунда киракашнинг қалб кўзлари очилиб, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, ўзининг гуноҳларига истиғфорлар айтишга киришиб кетган экан.

  • Қиссадан ҳисса:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳижрат қилган саҳобаи киромлар хавфу хатарлар остида, ниҳоятда оғир-аҳволда бўлганлар. Уларнинг иймонлари, тақволари, тоат-ибодатлари, Аллоҳга берган аҳду паймонларига содиқликлари нақадар улкан бўлганлигини тасвирлашдан ожизмиз. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда уларни кўп мақтаган ва уларга улкан ажрларни ваъда қилган. Улардан кейин келганлар ҳеч қачон улар етган улуғ мақомларга ета олмайдилар. Бироқ, у зотлар бизга энг гўзал намунадирларки, биз доимо ана шу зотларга ўхшашга ҳаракат қилиб яшамоғимиз даркор.

2. Аллоҳ таоло берган неъматларга шукроналар айтиб, тақдирларга рози бўлиб, чин қалб билан қаноат ҳосил этиш энг улкан бойликдир;

3. Дунёдаги энг катта подшоҳлару бой-бадавлат кишиларнинг ҳам оддий инсонлардан ортиқ жойи йўқ. Уларнинг ҳам қорни озгина таом билан тўйиб қолади, улар ҳам барибир бир кишилик жойда ётади. Миллиард-миллиард пулларидан фойдалана олмасдан ўтиб кетишади. Аллоҳ йўлида сарфланмаган, ҳаққи адо этилмаган бойликлар эса, Қиёмат куни ҳасрату надоматдан, азобу уқубатдан бошқа нарсага ярамайди. Аллоҳ асрасин…

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳақиқий мўмин бандаларидан қилиб, икки олам бахт-саодатини насиб айласин…

«Ислом Овози» таҳририяти

Алоқадор мавзулар:

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi