Аллоҳ учун йиғлаш (1-қисм)

  • Нима сабабдан ва қандай қилиб Аллоҳ учун йиғлаймиз?

Аллоҳ учун йиғлаш – агар ҳақиқатан холис ният ила Аллоҳ учун йиғлай оладиган бўлсак – бу жуда ҳам улуғ бахт.

Аллоҳ учун йиғлашнинг талайгина омиллари бор, жумладан қуйидагилар:

1. Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат. (Бу муҳаббатни пайдо бўлиши ва уни кучайтириб бориш Аллоҳнинг исму сифатлари, коинотдаги чексиз ҳикматларга асосланган ишларини доимий тарзда ўрганиб туришга асосланади) ;

2. Аллоҳнинг буюклигини ҳис қилиш кучли бўлиши. (Бу ҳам Аллоҳнинг исму сифатлари, коинотдаги чексиз ҳикматларга асосланган ишларини ўрганиш самараларидан) ;

3. Жаннат ва у ердаги улуғ ва абадий неъматларга етиб олиш орзуси;

4. Дўзах азоби, унинг даҳшатлари, абадийлиги, Қиёмат даҳшатлари ва қабр фитналаридан қўрқиб туриш;

5. Аллоҳ таолонинг шариатини ўрганиб, чуқур илмга эга бўлиш, Шариат ўз ичига олган аҳкомларнинг нақадар буюк эканлигини, етук ҳикматларга асосланганлигини англаб етиш;

6. Қуръони карим оятларини тадаббур билан тиловат қилиш, чуқур маънолари, мўъжизалари ва ҳикматлари борасида фикр юритиш;

7. Ҳадиси шарифларни ўқиб ўрганиш, маънолари ва ҳикматлари борасида тафаккур қилиш;

8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларини ўрганиш, Аллоҳнинг динини олий қилиш учун ва умматларининг икки олам бахт-саодатига эришишлари йўлида бутун умрларини фидо қилиб яшаганликлари, Аллоҳ таоло у зотни ёшлик чоғларидан бошлаб рисолатни адо этиш учун қандай тайёрлаганлигини билиш;

9. Нуҳ, Иброҳим, Исмоил, Юсуф, Мусо ва Ийсо ва бошқа барча пайғамбарларнинг ҳам алайҳимуссалом саҳиҳ ривоятлар билан собит бўлган қиссаларини ўқиб, эшитиб юриш;

10. Саҳобаи киромлар, салафи солиҳлар ва уламоларнинг ҳаётларини ўқиб туриш;

11. Эътиборли уламоларнинг қалбни юмшатадиган, иймонни кучайтирадиган дарсларини ва маърузаларини эшитиш;

12. Ота-боболаримиз ва момоларимизни, биз учун, балки бутун олам учун тақдим этиб кетган улкан хизматларини ёдга олиб туриш;

13. Банда қўл уриб қўяётган гуноҳлари кўплигини эслаб туриши, гарчи улардан тавба қилаётган бўлса ҳам;

14. Тавбалари холис ва мукаммал бўлаяптими, Аллоҳ қабул қилаяптими ёки йўқми, деган умид ва қўрқув орасида туриб, Аллоҳга интилишда давом этиш;

15. Дунёдаги турли-туман фитналардан таъсирланиб қолаётган бўлишидан хавфсираб туриш;

16. Дунёдан кетар лаҳзасида иймон ва тоат-ибодатда бўладими ёки куфр ва маъсият устида ўлиб кетиб қоладими, бунга ҳеч ким кафолат бера олмаслигини ҳис қилиб, яна Ягона Аллоҳнинг ўзига қўрқув ва умид билан интилиш;

17. Аҳли-оилалари, фарзанд- зурриётлари, қариндош-уруғлари ҳам ислому иймонда собитқадам бўлиб ўтишадими ёки йўқми, бу борада ҳам бедор бўлиш;

18. Ислом, мусулмонлар ва бутун инсоният учун нақадар яхши хизматлар тақдим эта олишидан умидвор бўлиб, фойдаси тегиши ўрнига билиб-билмасдан зарар етказиб қўйишдан қўрқиш.

19. Мазлумлар ва муҳтожларнинг аҳволидан хабар олиб туриш, уларга етарли даражада ёрдам қўлини чўза олмаётганини эътироф этиш

20. Узоқ ва яқин тарихда ўтган золимларнинг аламли ва шармандали ниҳояларини кузатиш, Аллоҳнинг ғазабидан, гуноҳ-маъсиятларнинг зарарларидан, аянчли оқибатларидан қўрқиш, Раҳмону Раҳим Зотнинг паноҳини сўраб илтижолар қилиш;

21. Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш учун буюк ажру савоблар берилишини билиш ва чин қалб билан ҳис қилиш.

(Давоми бор)

Кейинги қисм:

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi