«Хатокорларнинг яхшиси кўп тавба қилувчилардир» 1-қисм

Инсон зоти борки барибир билиб-билмасдан гуноҳ қилиб туради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«كلُّ بني آدمَ خطَّاءٌ ، وخيرُ الخطَّائينَ التَّوَّابونَ».

رواه الترمذي وابن ماجه وحسنه ابن حجر وصححه الألباني.

«Одам болаларининг барчаси (жуда кўп хатоларга йўл қўядиган) хатокордир. Хатокорларнинг энг яхшиси таввоблардир (доим тавба қилиб юрадиган, тавба қилганда ҳам чинакам тавба қиладиганлар)».

(Термизий, Ибн Можаҳ ривоятлари. Ибн Ҳажар: ҳасан ҳадис, Албоний: саҳиҳ ҳадис).

Гуноҳларнинг хатари қуйидаги икки ҳолатда жуда кучли бўлади:

  1. Оз ёки кичкина гуноҳ бўлса ҳам тавба қилмасдан бепарво бўлиб юриш;
  2. Тавба қилиб туриб яна қайта-қайта ва кўпдан-кўп гуноҳларга йўл қўявериш.

Гуноҳларнинг жазоси нафақат Охиратда, балки шу дунёда ҳам келиши мумкин.

Шу дунёнинг ўзида жазоланиб, Охиратга покланган ҳолида кетган одам жуда бахтли инсон ҳисобланади. Чунки Охират азобининг даҳшатлари, аламлари ва шармандаликлари умуман тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада.

Гуноҳлардан қўрқиб туриш бобида салафи солиҳларимиз биз учун гўзал намунадирлар, чунки улар имом Абу Сулаймон Дороний раҳимаҳуллоҳ айтганларидек:

«قَلَّتْ ذنوبُهم فعرَفوا من أينَ يُؤتَونَ ، وكثُرَتْ ذنوبي وذنوبك فليس نَدري مِن أين نُؤتَى».

حلية الأولياء (2/171) ، تاريخ دمشق (53/226)

«Улар (салафи солиҳларимиз)нинг гуноҳлари оз эди, шунинг учун улар қайси томондан балога йўлиқаётганликларини билиб олишарди. Менинг ва сенинг гуноҳларимиз эса кўпайиб кетганидан (бошимизга тушаётган бало-мусибатларга) қайси томонлардан гирифтор бўлаётганимизни билолмай ўтирибмиз».

Имом Дороний бу сўзларини машҳур тобеий ва буюк имом Муҳаммад ибн Сийрийн раҳимаҳуллоҳнинг бошларига тушган бир мусибатни эшитганларида айтган эдилар.

215 ҳижрий (830 милодий) санада вафот этган имом Доронийдек зот ўшандай улуғ замонларда яшаб туриб шундай деган бўлсалар, биз бугунги аҳволимиз ҳақида нима ҳам дейишимиз мумкин?!

Рисоламизнинг давомида ана шундай улуғ аждодларимизнинг ҳаётларидан ибрат олиш мақсадида баъзи муҳим ва долзарб ривоятларни зикр қилиб ўтамиз иншоаллоҳ.

(Давоми бор)

Кейинги қисмлар:

•┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg