«Ўз нафсини таниган кишини Аллоҳ раҳматига олсин»
Бу ҳикматли сўз буюк тобеий, улуғ халифалардан бирлари, амирул-муъминин Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган:
«رَحِمَ الله امْرَأً عَرَفَ قَدْرَ نَفْسِهِ». (تفسير القرطبي).
Инсон ўзининг нақадар ожиз банда эканлигини эътироф этиб, Аллоҳ таоло белгилаб берган чегараларга риоя қилиб яшамоғи лозим.
- “Сизларга жуда оз илм берилган” :
Аллоҳ таоло айтади:
{ويسألونك عن الروح قل الروح من أمر ربي وَمَا أُوتِيتُم مِّنَ الْعِلْمِ إِلَّا قَلِيلًا}.
[الإسراء: 85].
“Сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ Парвардигорим ишидир». Сизларга жуда оз илм берилгандир”.
(Исро сураси, 85-оят).
Банда ҳеч қачон барча илмларнинг тубига етолмайди. Ундан ташқари одамларнинг қобилиятлари ҳам турли, баъзи одамларда англаш қобилиятидан кўра ёдлаш қобилияти кучлироқ бўлади, яна айримларида унинг акси.
Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳу ривоят қилган машҳур ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«نضَّر اللهُ عبدًا سمِع مقالتي فحفِظها ووعاها وبلَّغها مَن لم يسمَعْها فرُبَّ حاملِ فقهٍ لا فقهَ له ورُبَّ حاملِ فقهٍ إلى مَن هو أفقهُ منه».
رواه الهيثمي وقال الألباني: صحيح لغيره.
«Менинг сўзимни эшитиб, ёд олиб, уни эшитмаган кишига етказган банданинг юзини Аллоҳ ёруғ қилсин. Зеро фиқҳ (илм)ни кўтарувчи бўлса ҳам уни англамайдиган кишилар ҳам бўлади, фиқҳ (илм)ни кўтариб, ўзидан кўра яхшироқ англайдиган кишиларга етказадиганлар ҳам бўлади».
(Имом Ҳайсамий ривоятлари, Албоний «саҳиҳ ли ғайриҳи» деган).
Модомики шундай экан, бизнинг ақлу заковатимиз тўла идрок қила олмаган масалалар ҳақида ўзимизча ҳукм чиқармасдан, ҳар биримиз: «бу мавзуни мен яхши тушунолмайман, бу менинг савиямдан баланд экан, мен яхши англай олмаган масалаларга аралашиб, мусулмонлар сафи бўлинишига ёки ҳар-хил фитналар пайдо бўлишига сабабчи бўлиб қолишдан қўрқаман. Мен иншоаллоҳ ихтилофли масалаларга шошилмасдан, муҳим илмларни тартиб-интизом билан ўрганишда давом этавераман..» деб, билмаган ва англамаган нарсаларимизни Аллоҳга, Унинг расулига ва ҳар бир соҳанинг ўз уламосига топширишни ўрганишимиз керак.
Илмда мустаҳкам бўлган раббоний уламоларнинг тарбиялари мана шундай бўлади. Тарихда ўтган барча ҳақиқатпарвар уламолар ўзлари билмаган масалалар ҳақида сукут сақлардилар, савол берилса «билмайман, Аллоҳу аълам» деб айтардилар. «Шуни ҳам билмайсизми, шунча йиллардан бери ҳалиям ўрганмадингизми…» қабилидаги гапларни эшитишдан асло орланмас эдилар. Зеро ҳақдан орланиш кибрдир. Кибр эса энг улкан гуноҳлардан.
- Илмда мустаҳкам бўлиш:
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
{هُوَ الَّذِي أَنزَلَ عَلَيْكَ الْكِتَابَ مِنْهُ آيَاتٌ مُّحْكَمَاتٌ هُنَّ أُمُّ الْكِتَابِ وَأُخَرُ مُتَشَابِهَاتٌ ۖ فَأَمَّا الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ زَيْغٌ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَابَهَ مِنْهُ ابْتِغَاءَ الْفِتْنَةِ وَابْتِغَاءَ تَأْوِيلِهِ ۗ وَمَا يَعْلَمُ تَأْوِيلَهُ إِلَّا اللَّهُ ۗ وَالرَّاسِخُونَ فِي الْعِلْمِ يَقُولُونَ آمَنَّا بِهِ كُلٌّ مِّنْ عِندِ رَبِّنَا ۗ وَمَا يَذَّكَّرُ إِلَّا أُولُو الْأَلْبَابِ}.
[آل عمران: 7].
«У (Аллоҳ таоло) Сизга Китоб нозил қилган зотдирки, у (Китобдан) шу Китобнинг асли -моҳияти бўлган муҳкам (аниқ-равшан) оятлар ҳам ва бошқа муташобиҳ (баъзилар учун тушуниш қийин бўлган) оятлар ҳам (ўрин олгандир). Энди дилларида ҳақ йўлдан оғиш бўлган кимсалар одамларни алдаб фитнага солиш ва ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ таъвил-тафсир қилиш учун Унинг муташобиҳ оятларига эргашадилар.—Ҳолбуки, ундай оятларнинг таъвилини ёлғиз Аллоҳгина билур.— Илмда собитқадам бўлган кишилар: «У Китобга иймон келтирганмиз. Ҳамма оятлари Парвардигоримиз ҳузуридандир»,— дейдилар. Ва фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар».
(Оли Имрон сураси, 7-оят).
Ушбу ояти кариманинг бир жумласида икки хил маъно бор, ҳар иккиси ҳам ўз ўрнида тўғри маънолардир. Биринчиси ҳозир зикр қилингани.
Иккинчиси эса қуйидагича:
{وَمَا يَعْلَمُ تَأْوِيلَهُ إِلَّا اللهُ وَالرَّاسِخُونَ فِي الْعِلْمِ يَقُولُونَ آمَنَّا بِهِ كُلٌّ مِّنْ عِندِ رَبِّنَا}. الآية.
«… Ундай оятларнинг таъвилини ёлғиз Аллоҳгина билур, илмда собитқадам бўлган кишилар (чуқур илмга эга бўлган раббоний уламолар) ҳам билурлар ва улар (бу ояти карималар нақадар ҳам улуғ ва ҳаққур рост эканини англаган ҳолларида) : «У Китобга иймон келтирганмиз. Ҳамма оятлари Парвардигоримиз ҳузуридандир»,— деб айтадилар».
Биринчи маънода Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган ғайб илмлари кўзда тутилади.
Иккинчи маънода эса Аллоҳ таоло муташобиҳ ояти карималардаги буюк маънолардан раббоний уламоларга англатиб қўядиган улкан ҳикматлар ва у ҳикматларни ҳамма ҳам англай олмаслиги тушунилади.
Валлоҳу аълам.
Битта ояти кариманинг ўзи мана шундай чуқур маъноларни ўз ичига олиши Қуръони карим Ягона Аллоҳнинг каломи эканига далолат қиладиган мўъжизалардан биридир.
- «Ақидаи Таҳовийя»дан иқтибос:
Шу муносабат билан имом Абу Жаъфар Ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳнинг машҳур ақида матнларидаги қуйидаги сўзларини ёдга олишимиз ўринлидир:
«مَا سَلِمَ فِي دِينِهِ إِلَّا مَنْ سَلَّمَ لِلهِ عَزَّ وَجَلَّ وَلِرَسُولِهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَعَلَى آلِهِ وَسَلَّمَ ، وَرَدَّ عِلْمَ مَا اشْتَبَهَ عَلَيْهِ إِلَى عَالِمِهِ. وَلَا تَثْبُتُ قَدَمُ الْإِسْلَامِ إِلَّا عَلَى ظَهْرِ التَّسْلِيمِ وَالِاسْتِسْلَامِ، فَمَنْ رَامَ عِلْمَ مَا حُظِرَ عَنْهُ عِلْمُهُ، وَلَمْ يَقْنَعْ بِالتَّسْلِيمِ فَهْمُهُ، حَجَبَهُ مَرَامُهُ عَنْ خَالِصِ التَّوْحِيدِ، وَصَافِي الْمَعْرِفَةِ، وَصَحِيحِ الْإِيمَانِ، فَيَتَذَبْذَبُ بَيْنَ الْكُفْرِ وَالْإِيمَانِ، وَالتَّصْدِيقِ وَالتَّكْذِيبِ، وَالْإِقْرَارِ وَالْإِنْكَارِ، مُوَسْوَسًا تَائِهًا، شَاكًّا، لَا مُؤْمِنًا مُصَدِّقًا، وَلَا جَاحِدًا مُكَذِّبًا….». الخ.
«(Барча илмларни) Аллоҳ азза ва жаллага топширган, Унинг расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга топширган кишигина динида саломат бўлади. Қайсики масала унга муташобиҳ бўлиб қолса (уни тушуна олмаса), у масалани яхши биладиган олим (киши)га топширган киши (динида саломат бўлади). Ислом (кишининг қалбида мана шундай) топшириш ва таслим бўлиш устида мустаҳкам ўрнашади. Бас, кимки қайтарилган илмни ўрганишга ҳаракат қилса, (Аллоҳга, расулига, сўнг раббоний уламоларга) топшириш билан қаноат ҳосил қилмаса, унинг кўзлаган мақсадлари холис (ҳақиқий )тавҳиддан, соф-мусаффо маърифатдан, соғлом иймондан тўсиб (маҳрум қилиб) қўяди, натижада у кимса куфр билан иймон орасида, (Аллоҳнинг хабарларини) тасдиқ этиш билан ёлғонга чиқариш, (дин ҳақиқатларига) иқрор бўлиш билан (уларни) инкор қилиш ўртасида, васвасаланиб, адашиб, шак-шубҳаларга тушиб, (ҳали уёққа, ҳали буёққа ўтиб) субутсиз бўлиб юради. На ҳақиқий мўъмин бўла олади ва на инкор қилувчи, ёлғонга чиқарувчи (очиқ-ойдин кофир) бўлади…».
- Қобилиятларни ғанимат билиш:
Ўзларида ёки фарзандларида кучли қобилият ва талантлар борлигини ҳис қилаётган кишилар марҳамат қилиб холис ният билан сабру бардошли бўлиб, дунё уламоларини излаб топсинлар, уларнинг ҳузурларига бориб илмий суҳбатларини узоқ йиллар давомида лозим тутсинлар, умрларини ғанимат билиб, улар ҳам буюк алломалар даражаларига кўтарилсинлар, ана ўшанда иншоаллоҳ жуда кўп чуқур илмларни англай оладилар ва бутун оламга улкан хизматларни тақдим этишлари мумкин бўлади.
Одамлар ўзларининг дунёвий ишларида доимо ҳар бир соҳада ана шу соҳанинг узоқ йиллар давомида чуқур ўрганган энг кучли мутахассисларини қидириб, қаердан бўлса ҳам ҳар қанча қийин кечса ҳам, излаб топишга ҳаракат қиладилар. Улар ҳақида гувоҳлик берадиганларнинг ҳам энг кучли мутахассислардан бўлишини хоҳлайдилар, ана шундагина уларнинг гувоҳлигини қабул қиладилар.
Аммо Дин илмларида эса, афсуски, кўпчилик инсонлар шайтонларнинг васвасаларига осонгина алданиб қолишади.
{إِنَّمَا أَشْكُو بَثِّي وَحُزْنِي إِلَى اللَّهِ وَأَعْلَمُ مِنَ اللَّهِ مَا لَا تَعْلَمُونَ}.
[يوسف: 86].
«Мен ғаму ташвишларимдан ёлғиз Аллоҳгагина шикоят қиламан ва мен Аллоҳ ҳақида сизлар билмайдиган нарсаларни билурман…».
(Юсуф сураси, 86-оят).
Бу ояти каримадаги сўзларни Яъқуб алайҳиссалом Юсуф алайҳиссаломнинг акаларига қарата – улар илмсизликлари ва иймонлари заифлиги туфайли оталарини қаттиқ ранжитиб юборган пайтлари – айтган эдилар. Раббоний уламолар ҳам кўпинча Яъқуб алайҳиссаломнинг ушбу ҳолатларига ўхшаш ҳолатларга рўбарў бўлиб турадилар.
Бу мавзуни яна ҳам кўпроқ ояту ҳадислар билан бойитиш мумкин. Саҳиҳул Бухорийнинг «Илм китоби»да ҳам алоқадор боблар мавжуд. Лекин биз ҳозирча шу билан чегараланиб турамиз.
Ва соллаллоҳу ва саллама ало набиййина Муҳаммад ва ало олиҳи ва асҳобиҳи ажмаъин.
«Ислом Овози» таҳририяти
* Алоқадор мавзулар:
* “Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!”
* Уммат аҳволини уламоларсиз ислоҳ қилиб бўлмайди!
* Илм, уламолар, саҳобаи киромлар ва буюк алломалар ҳақида маърузалар
•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•
«Ислом Овози» телеграм канали