Ҳаж ва ҳожилар (2)
(Мусибатларнинг сабаби ва Аллоҳнинг чексиз марҳаматлари)
Фожеалар нима сабабдан рўй беради?
Мусибат сабабларини умумий суратда икки қисмга бўлиш мумкин:
1- Ғайбий (махфий) сабаблар: гуноҳ-маъсиятлар;
2- Зоҳирий сабаблар: дунёвий ишлардаги камчилик-хатолар;
Биринчи нуқтадаги энг асосий сабаб бўлмиш гуноҳ-маъсиятлар икки турга тақсимланади:
1. Ботиний ёки маънавий гуноҳ-маъсиятлар;
2. Зоҳирий гуноҳ-маъсиятлар.
Иккинчи нуқтадаги зоҳирий сабабларни эса уч турга тақсимлашимиз мумкин:
1. Ислом душманлари томонидан уюштириладиган махфий ва зоҳирий фитна ва ҳамлалар;
2. Мусулмонларнинг баъзи раҳбарлари томонидан содир бўладиган зулмлар ва хато-камчиликлар;
3. Мусулмон халқларнинг ўзларидан содир бўладиган хато-камчиликлар.
Ҳаж мавсумларида рўй бериши мумкин бўлган мусибатлар ҳам ушбу тақсимотлардан ташқарига чиқмайди.
Ботиний ва зоҳирий гуноҳларнинг касри
Аллоҳ таолонинг ҳар бир шаръий ҳукми ва ҳар бир кавний қазои-қадари ҳақида зарра миқдорича ҳам шак-шубҳа қилмасдан айтамизки: уларнинг барчаси албатта буюк ҳикматларга асосланган.
Кофиру мунофиқлар доимо мусибатларни фақат зоҳирий (дунёвий) сабабларга боғлаш билан чекланадилар. Бу нарса ҳаммага маълум.
Аммо, минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги замондаги баъзи мусулмонлар ҳам, иймонлари ва илмлари заифлашиб кетгани туфайли, мусибатларнинг ғайбий – махфий сабабларига эътибор бермай қўйганлар.
Айниқса, ана шу ғайбий сабабларнинг биринчи ва энг асосий қисми бўлмиш нафси аммора пайдо қиладиган қалбий касалликлар (кибр, ҳасад, мағрурлик, манфаатпарастлик, гина-кудуратлар, залолатга кетган эътиқодлар ва ҳоказо гуноҳлар) ҳақида кўпчилик одамлар ҳечам бош қотирмаётганга ўхшайдилар.
Махфий гуноҳлар нақадар хатарли эканига бир мисол келтирадиган бўлсак, Ҳунайн ғазотини эслашимиз мумкин. Саҳобаи киромлардек улуғ зотлар ўша жангда ўзларининг ададлари – мужоҳидларнинг сонлари кўплиги билан бироз мағрурланиб қолишлари оқибатида қаттиқ мусибатга – урушнинг аввалида ачинарли мағлубиятга учраган эдилар.
Ана шу воқеа ҳақида Аллоҳ таоло хабар бериб айтадики:
{لقد نصركم الله في مواطن كثيرة ويوم حنين إذ أعجبتكم كثرتكم فلم تغن عنكم شيئا وضاقت عليكم الأرض بما رحبت ثم وليتم مدبرين * ثم أنزل الله سكينته على رسوله وعلى المؤمنين وأنزل جنودا لم تروها وعذب الذين كفروا، وذلك جزاء الكافرين}. [التوبة: 25-26].
«Дарҳақиқат Аллоҳ сизларни кўп ўринларда ғолиб қилди. Ҳунайн (Макка билан Тоиф ўртасидаги Ҳунайн водийсида рўй берган жанг) кунини (эсланглар)! Ўшанда сизларни кўп эканлигингиз мағрур қилиб қўйган эди, аммо у (яъни саноғингизнинг кўплиги) сизларга ҳеч қандай фойда бермади ва сизларга Ер ҳар қанча кенг бўлмасин торлик қилиб қолди, сўнг юз ўгирган ҳолингизда ортга қараб қочдингиз! Кейин Аллоҳ Пайғамбарига ва мўминларга Ўз ҳузуридан хотиржамлик нозил қилди ҳамда сизлар кўрмаган лашкарларни (малоикаларни) туширди ва кофир бўлган кимсаларни азобга дучор қилди. Кофирларнинг жазоси шудир». (Тавба: 25-26).
Шунинг учун мўмин-мусулмонлар энг аввало ва ҳар доим ўзларининг қалбларини, ибодатларини ва амалларини ислоҳ этиб, барча гуноҳ-маъсиятлардан тавба қилиб юришлари лозим.
Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида бир йили Мадинаи мунавварада узоқ муддат ёмғир ёғмай қолди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу суннати набавийяга биноан барча мусулмонларни Истисқо намози (ёмғир ёғишини сўраб ўқиладиган намоз)га чақирдилар. Сўнг Аббос розияллоҳу анҳудан у киши буюк саҳобий ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари бўлганликлари учун ҳам минбарга чиқиб дуо қилишларини талаб қилдилар. Шунда Аббос саҳобалар розияллоҳу анҳум билан бирга туриб Аллоҳ таолога илтижо қилиб дедилар:
.»اللهم إنه لم ينزل بلاء إلا بذنب ولم يكشف إلا بتوبة … وهذه أيدينا إليك بالذنوب ونواصينا إليك بالتوبة …»
«Эй Аллоҳ, албатта (биз Сенинг бандаларингмиз, бошимизга) ҳеч қандай бало-мусибат келмайди, магар гуноҳ туфайли (гуноҳ қилиб қўйишимиз оқибатида бошимизга балолар келади) ва бу бало фақат тавба билангина кетказилади (қачонки гуноҳларимиздан тавба қилсак ана шунда балолардан қутиламиз). Мана биз гуноҳкор қўлларимизни Сенга чўзиб, пешоналаримизни Ўзингга тавба қилган ҳолимизда топшириб турибмиз …».
Шу заҳоти дарҳол осмонда тоғдек-тоғдек булутлар пайдо бўлиб, Мадинага ёмғир қуя бошлади. Орадан кўп ўтмай, одамлар ва ҳайвонлар Аллоҳнинг раҳмати билан суғорилдилар ва ерлар кўкаламзорга айланди. (Ансоб китоби, Зубайр ибн Баккор раҳимаҳуллоҳ ривоятлари).
Ҳаж ибодати ва хавф-хатарлар:
Ҳажга бормоқчи бўлган мўмин киши турли-туман машаққатларга сабр-бардошли бўлиб йўлга чиқиши лозим. «Ҳажжи мабрур» учун жаннат ваъда қилингани ҳам бежиз эмас.
«… أَلَا إن سِلْعَةَ اللهِ غاليةٌ، أَلَا إن سِلْعَةَ اللهِ الجنةُ». رواه الترمذي وصححه الألباني.
«… Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг моли қимматбаҳодир. Аллоҳнинг моли жаннатдир!». (Имом Тирмизй ривоятлари, Албоний: саҳиҳ)
Дунёда мўмин кишининг иймони қай даражада кучли бўлса ана шунга яраша оғир мусибатларга рўбарў бўлади. Бу ҳақда кўпдан кўп ояту ҳадислар бор.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Бақара сурасининг 214-оятида айтади:
{أم حسبتم أن تدخلوا الجنة ولما يأتكم مثل الذين خلوا من قبلكم مستهم البأساء والضراء وزلزلوا حتى يقول الرسول والذين آمنوا متى نصر الله ألا إن نصر الله قريب}
«… (эй мўминлар), сизлардан илгари ўтган зотлар ибрати сизларга келмай туриб жаннатга киришни ўйладингизми? Уларга бало ва мусибатлар (устма-уст) келиб, шундай ларзага тушган эдиларки, ҳатто пайғамбар ва иймонли кишилар: «Ахир қачон Аллоҳнинг ёрдами келади?» дейишган эди. (Шунда) уларга бундай жавоб бўлган эди: «Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг ёрдами яқиндир»».
Анкабут сурасининг аввалида ҳам айтади:
{الم * أحسب الناس أن يتركوا أن يقولوا آمنا وهم لا يفتنون * ولقد فتنا الذين من قبلهم فليعلمن الله الذين صدقوا وليعلمن الكاذبين}
«1. Алиф, Лом, Мим. 2. Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! 3. Ҳолбуки Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («Иймон келтирдик», деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур».
Ҳажда оғир машаққатлар ва хавф-хатарларни енгиб ўтиш лозимлиги туфайли, айниқса аёллар учун, жиҳод деб номланган:
عن أم المؤمنين عائشة رضي الله عنها قالت: استأذَنتُ النبيَّ صلَّى اللهُ عليه وسلَّم في الجِهادِ ، فقال: «جِهادُكُنَّ الحجُّ».
Уммул-муъминин Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жиҳодга чиқиш учун рухсат сўрадим. Шунда у зот айтдиларки: «сизларнинг жиҳодингиз ҳаждир!». (Имом Бухорий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бир ҳадисда Оиша онамизга ҳажда айтгандиларки:
«إنما أَجْرُكِ على قَدْرِ نَصَبِكِ»
«Албатта ажр-савобинг машаққатингга яраша бўлади». (Бухорий, Муслим ва бошқа муҳаддис имомлар ривоят қилишган).
Аллоҳ таоло ҳожиларни Ўз паноҳида асрайди
Лекин, шу билан бир вақтнинг ўзида Аллоҳ таоло Ўзининг меҳмонларини Ўз паноҳида асраб туриши ҳам очиқ-ойдин ҳақиқат.
Минг йиллардан буён Каъбатуллоҳ зиёратига бораётган ҳожилар учун Аллоҳ таоло марҳамат қилаётган битмас-туганмас неъматларидан бири: ана шу муборак мавсумларда – инсонларнинг ўзларидан жиддий айбу нуқсонлар содир бўлмаса – деярли ҳеч қандай мусибат рўй бермаслигидир. Бу эса буюк илоҳий мўъжиза.
Агар ҳаж мавсумида тўпланадиган миллион-миллион одамлар бошқа бирор бир ерда жамланиб, худди ҳаж мавсумидаги шароитда бир неча кун яшаб турадиган бўлсалар, уларнинг ораларида ҳар-хил касалликлар тарқалиши, турли-туман фожеалар рўй бериши муқаррар. Аммо Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада эса асло ундай мусибатлар рўй бермаган ва бермайди ҳам.
Ҳатто инсонлар ўзларига ўзлари зулм қилиб, турли-туман хатоларга йўл қўйишлари оқибатида содир бўладиган баъзи бир мусибатлар ҳам Аллоҳнинг марҳамати ила жуда ҳам камдан кам рўй беради ва уларнинг ортидаги улкан ҳикматлар ва эслатмалар яққол кўриниб туради.
Аллоҳ таоло Шўро сурасининг 30-оятида марҳамат қилади:
﴿وَمَا أَصَابَكُمْ مِنْ مُصِيبَةٍ فَبِمَا كَسَبَتْ أَيْدِيكُمْ وَيَعْفُو عَنْ كَثِيرٍ}. [الشورى: 30].
«(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас ўз қўлларингиз қилган нарса — гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур».
Тарих давомида тинч-омонлик билан ўтиб келаётган ҳаж мавсумларига мусибатли кунларни солиштирадиган бўлсак, мингдан бирга ҳам тўғри келмаса керак.
Бироқ, Ислом душманлари доимо мусулмонларнинг ютуқларини эмас, баъзи бир хатоларини ушлаб оладилар ва уларни бўрттириб кўрсатишга ва барчанинг назарини ана шу томонга буришга ҳаракат қиладилар.
Бизга тасалли ва эслатма бўладиган энг муҳим нуқта шуки: агар биз ҳақиқий мўмин-мусулмон бўлиб, Аллоҳдан тақво қилиб, гуноҳ-маъсият ва камчиликлардан узоқ бўлиб, ҳақ йўлда сабру сабот билан давом эта олсак, Ислом душманлари бизга ҳеч қачон ҳеч қандай зарар келтира олмайдилар.
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 120-оятида марҳамат қилади:
{إن تمسسكم حسنة تسؤهم وإن تصبكم سيئة يفرحوا بها، وإن تصبروا وتتقوا لا يضركم كيدهم شيئا، إن الله بما يعلمون محيط}.
«Агар сизларга бирон яхшилик тегса, бу уларни (кофиру мунофиқларни) хафа қилади. Агар сизларга ёмонлик етса улар хурсанд бўлурлар. Агар сабр-тоқат ва тақво қилсангизлар (Аллоҳдан қўрқсангизлар), уларнинг макру ҳийлалари сизлар¬га ҳеч қандай зарар қила олмайди. Албатта Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини иҳота қилиб тургувчи Зотдир».
Ҳожилар ва ҳожибошларнинг хатолари:
Ҳаж мавсумларини яқиндан кузатиб келадиган мутахассис аҳли илмлар бу мавзу ҳақида кўп тадқиқотлар ўтказиб, рисолалар ва мақолалар ёзганлар.
Биз бу ўринда фақат баъзи нуқталарни жуда ҳам қисқа тарзда эслаб ўтиш билан чекланамиз:
1. Ҳожилар ҳақида:
Ҳожилар ҳажга боришларидан олдин ҳаж аҳкомларини яхшилаб ўрганиб олишлари фарз.
Илмсиз ҳолларида ҳажга бораётган биродарларимиз ўзлари билиб-билмасдан турли-туман хатоларга йўл қўядилар.
Жумладан, тавоф қилиш, тош отиш ва ҳадий ҳайвонларини сўйиш каби ибодатларнинг вақти анча кенг эканлигини билмасдан, кўпчиликлари бир вақтда бир жойга тўпланиб олиб, ўзларини ҳам, бошқа ҳожиларни ҳам оғир аҳволга солиб қўядилар.
2. Ҳожибошлар ҳақида:
Баъзи бир ҳожибошлар ҳаж ишлари бўйича масъул бўлган бошлиқлар томонидан кўрсатилган тартиб-қоидаларга риоя қилмасликлари туфайли ҳожиларнинг ҳаётини хавф остида қолдириб қўйишлари ҳам учраб туради.
Ундан ташқари, охирги йиллар ичида рўй берган фожеаларнинг бир нечаси мусулмонларга душманлиги маълум бўлган давлатлардан бирининг махфий хизматлари томонидан қасддан уюштирилганлиги ҳақида расмий ва норасмий хабарлар бор.
Ислом душманларининг бу каби жиноятларини ҳам бир қанча уламолар ва мутахассислар ўз ўрнида батафсил ёритганлар.
Биз бу ўринда фақат қалбида иймони бор ҳожибошларга Аллоҳдан тақво қилишни, ҳаж аҳкомлари ва ҳожиларни бошқариш тартиб-қоидаларини мукаммал ўрганиб олишлари зарурлигини эслатиб қўймоқчимиз.
Аллоҳ таоло Ўзи барчамизга икки олам бахт-саодатини насиб айласин, ҳожи биродарларимизнинг ибодатларини Ўз даргоҳида қабул этсин, турли фожеалар туфайли вафот этган барча мусулмонларни шаҳидлар мақомига кўтарсин. Омин.
Васоллаллоҳу ва саллам ала набиййина Муҳаммад …