Ҳаж ва ҳожилар (1)

Бўлимлар: Рисолалар

(Каъбатуллоҳнинг фазилати, ҳаж ибодатининг ҳукми ва ҳикматлари)

Каъбатуллоҳ оламнинг устуни

Аллоҳ таоло Ўзининг энг улуғ масжиди бўлмиш Каъбатуллоҳни жуда ҳам буюк мартабага кўтарган.

Бу мавзуда ҳар қанча сўз юритилса ҳам унинг ҳаққини адо этиш қийин.

Раҳмону Раҳим бўлган Зот Қуръони каримнинг Моида сураси 97-оятида марҳамат қилади:

{جعل الله الكعبة البيت الحرام قياما للناس والشهر الحرام والهدي والقلائد ذلك لتعلموا ان الله يعلم ما في السماوات وما في الارض وان الله بكل شيء عليم}

«Аллоҳ Каъбани – Байтул Ҳаромни, одамлар қойим бўлишлари учун яратди, шаҳрул-ҳаромни (ҳаром қилинган ойларни), ҳадийни ва осиладиган белгиларни ҳам. Ана шу (Аллоҳ улуғ қилган муқаддас нарсалар) токи сизлар шубҳасиз Аллоҳ осмонлару Ердаги барча нарсаларни билиб турган Зот эканини, албатта Аллоҳ Алийм – барча нарсаларни билиб тургувчи Зот эканини билишингиз (тўла ишонч билан иймон келтиришингиз) учундир».

Ушбу ояти кариманинг чуқур маъноларидан бири сифатида муфассир уламоларимиздан баъзилари дунё аҳлини огоҳ этиб айтадиларки:

«Агар инсонлар Каъбатуллоҳга ҳаж қилиш учун бормай қўядиган бўлсалар бутун дунё ҳалокатга юз тутади. Чунки Аллоҳ азза ва жалла бу муқаддас даргоҳни одамлар қойим бўлиб туришлари учун яратганини хабар бериб қўйган».

(Имом Ато ибн Аби Рабоҳ / Табарий, Замахшарий, Ибн Жавзий, Олусий ва Саъдий тафсир китоблари).

Демак, Каъбатуллоҳ худди дунёнинг қалби – юрагидек!

Инсоннинг юраги тўхтаб қолса ҳалок бўлгани каби, Каъбатуллоҳга ҳаж қилиш тўхтаб қолса дунё аҳли ҳалок этилиб, Қиёмат қойим қилинади.

Иброҳим алайҳиссаломнинг дуолари

Нима учун Аллоҳнинг мўмин бандалари Каъбатуллоҳга ҳаж қилиш учун доимо бу даражада қаттиқ ошиқ бўлиб турадилар?

Бу саволнинг жавобида айтишимиз мумкинки, Аллоҳ таоло Ўзининг энг улуғ пайғамбарларидан бири, Каъбатуллоҳ биносини барпо қилган зот Иброҳим алайҳиссаломнинг дуоларини ижобат қилганлиги туфайли қадим-қадим замонлардан шундай бўлиб келган ва Қиёматга қадар шундай давом этади.

Ер юзида модомики мусулмонлар яшар эканлар, Каъбатуллоҳга ҳаж қилиш асло тўхтаб қолмайди.

Қиёмат соати жуда ҳам яқин бўлиб қолган пайт, мўминларнинг руҳларини олиб кетадиган юмшоқ шабада келганидан сўнг бу муқаддас даргоҳни кофирлар бузиб, унинг тошларини денгизга улоқтириб ташлайдилар ва оқибатда уларнинг бошларига энг даҳшатли азоб келиб, Қиёмат қойим бўлади.

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг дуолари ҳақида хабар бериб марҳамат қилади:

{رَّبَّنَا إِنِّي أَسْكَنتُ مِن ذُرِّيَّتِي بِوَادٍ غَيْرِ ذِي زَرْعٍ عِندَ بَيْتِكَ الْمُحَرَّمِ رَبَّنَا لِيُقِيمُوا الصَّلَاةَ فَاجْعَلْ أَفْئِدَةً مِّنَ النَّاسِ تَهْوِي إِلَيْهِمْ وَارْزُقْهُم مِّنَ الثَّمَرَاتِ لَعَلَّهُمْ يَشْكُرُونَ}

[ابراهيم : 37].

«Эй Раббимиз, мен ўз зурриётимдан (баъзиларини) Сенинг Муҳаррам Байт (Масжидул Ҳаром)инг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим. Эй Раббимиз, намозни тўкис адо этишлари учун. Бас, Ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин. Шояд шукр қилсалар».

Ушбу ояти каримада хабар берилишича, Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳга дуо қилганларида Каъбатуллоҳга қалблар талпиниб турадиган бўлишини сўрадилар.

Ҳақиқатан ҳам мусулмонларнинг қалблари доимо Каъбатуллоҳга талпиниб, Иброҳим алайҳиссаломнинг дуолари мустажоб бўлганини кўрсатиб туради.

Ҳаж ибодатининг ҳукми:

Ҳар бир мусулмон киши – қачонки у қодир бўлса – умрида бир марта ҳаж ибодатини бажариши фарз қилинган.

Бу ибодат жуда ҳам улуғ ибодат бўлгани учун Исломнинг бешинчи рукни деб аталган.

Умрларида бир марта ҳаж қилган ҳожилар зиммаларидаги ушбу фарз амални бажарган ҳисобланадилар ва қайтадан ҳажга боришлари шарт бўлмайди.

Бироқ, аксарият ҳожилар ҳаж сафаридан ҳамма томонлама жуда ҳам кўп ибратлар олишлари, шод-хуррам бўлишлари оқибатида яна Каъбатуллоҳ зиёратига қайта-қайта бораверишга қизиқиб қоладилар.

Ҳукуматлар эса ҳар йили ҳожиларнинг адади кўпайиб кетмаслиги учун ҳаддан зиёд тиришиб-тирмашиб ҳаракат қилиб келишади.

Уларнинг бу борада кўпайтириб ташлаган турли-туман чекловларини баъзи уламолар – хусусан ҳаж мавсумларини узоқ йиллардан буён кузатиб келадиган мутахассис уламолар – қаттиқ танқид остига олиб айтадиларки:

Ҳаж мавсумини ва ҳожиларнинг тартиб-интизомини сақлаш албатта зарур! Аммо бугунги даврда бир қанча ҳукуматларнинг ҳажга бормоқчи бўлаётган аксарият мусулмонларнинг йўлларини тўсиб, ҳаж ибодатини адо этишдан ман қилишлари Ислом динига мутлақо зид нарса.

Шу вақтгача ҳаж мавсумида рўй берган фожеаларнинг ҳеч қайси бири ҳожиларнинг адади кўпайиб кетганидан ёки эътиборли уламоларнинг фатволари сабабидан келиб чиққан эмас.

Балки, аксинча, уламоларнинг фатволари ва насиҳатларига амал қилмаслик оқибатида рўй беряпти.

Мисол учун, шайх Солиҳ Ал-Ҳусоййин раҳимаҳуллоҳнинг ҳаждаги фожеаларнинг сабаблари ҳақида ёзган мақолаларига мурожаат қилиб кўриш мумкин : http://rowaq.org/?p=17 .

Ҳожиларнинг адади кўпайиб боришининг ҳеч қандай зарари йўқлиги алоҳида масала.

Кўпчилик ҳожилар баъзи бир жоҳил ҳожибошларнинг тартибсизлиги туфайли бир вақтда бир жойга тўпланиб олишиб, ҳаддан зиёд тиқилинч пайдо бўлишига сабаб бўлишлари ва бу нарса очиқ-ойдин хато эканлиги бошқа масала.

Энг долзарб масалалардан бири мана шу икки нозик нуқтанинг орасини ажрата билишдир.

(Бу мавзуни иншоаллоҳ кейинги мақоламизда батафсилроқ баён этамиз).

Ҳаж ибодатининг баъзи ҳикматлари

Ислом уламолари ҳаж ибодатидан кўзланган буюк ҳикматларни қадим-қадим замонлардан буён баён қилиб келадилар.

Биз бу ўринда муносабат келгани учун фақатгина 5 та ҳикматни имкон қадар қисқа тарзда зикр қилиш билан чекланамиз:

1. Мусулмон киши ҳаж ибодатини бажариши орқали ягона Аллоҳнинг Ўзига сиғинишини барча соҳаларда амалий тарзда намоён этади.

Ҳаж ибодатининг бошидан охиригача Аллоҳнинг яккаю ягона Ўзи барча ибодат турларига ҳақли Зот экани таъкидланади.

Ҳаж ибодати бир вақтнинг ўзида ҳам қалбий, ҳам баданий, ҳам молиявий, ҳам ижтимоий амал бўлган буюк ибодатдир.

2. Ҳажга бел боғлаб, оғир ва машаққатли сафарга отланган киши бу муборак сафар туфайли бутун ҳаётида имкон қадар дунё лаззатларига берилиб қолишдан сақланиб яшашни ўрганади.

Шунинг учун имом Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан «Ҳажжи мабрурнинг белгиси нима?, деб сўралганда айтганларки:

«أن يرجع زاهداً في الدنيا، راغباً في الآخرة».

«Дунёдан зоҳид, Охиратга интилувчи бўлиб қайтишдир».

3. Ҳаж ибодатининг тарбиясини олган ҳақиқий ҳожи киши ўз нафсини камтарликка ўргатиб, дунёда оддий бир банда бўлиб яшашга ҳаракат қиладиган бўлади.

Ҳадиси қудсийда келади:

«إنَّ اللهَ تعالَى يُباهي بأهلِ عرفاتٍ ملائكةَ السَّماءِ ، يقولُ : انظروا إلى عبادي ، أتَوْني شُعثًا غُبرًا من كلِّ فجٍّ عميقٍ ، أُشهِدُكم أنِّي قد غفرتُ لهم».

Аллоҳ таоло Ўзининг малоикаларига Арафот майдонида жамланиб, Аллоҳга ёлвориб илтижо қилаётган ҳожиларни кўз-кўз қилиб айтадики:

«Бандаларимга қаранглар, Менинг ҳузуримга чангларга беланиб, соч-соқоллари тўзиб келдилар, Мен сизларни гувоҳ қиламан: дарҳақиқат уларнинг (барча) гуноҳларини кечириб юбордим!», дейди. (Табароний, Ибн Ҳиббон, Ҳайсамий ва Мунзирий ривоятлари).

4. Ҳаж ибодати барча инсонлар баробар эканликларини очиқ-ойдин изҳор этади.

Аллоҳнинг ҳузурида барча халойиқ ўрталаридаги сунъий равишда пайдо қилиб олинган фарқларни бутунлай четга суриб қўйишлари талаб қилинади.

Ҳожилар барчалари бир хилда эҳром кийимларини кийиб, Каъбатуллоҳни тавоф қилишда, Сафо-марвада саъй қилишда, Арафот майдонида жамланишда, Муздалифа водийсида тунашда, Минода уч кун бирга яшашда, Жамарот тошларини отишда ва қолган барча амалларни бажаришда бир-бирлари билан елкама-елка турадилар.

Бойлар алоҳида, камбағаллар алоҳида, оқ танлилар алоҳида, қора танлилар алоҳида, ғарбликлар алоҳида, шарқликлар алоҳида, араблар алоҳида, ажамлар алоҳида, мансабдорлар алоҳида, оддий одамлар алоҳида қилиб ажратиб қўйилиши жоиз эмас.

Ҳаж ибодатининг барча амаллари мана шундай буюк тарбияни амалий тарзда татбиқ этилшини гўзал ва намунали суратда кўрсатади.

Шунинг учун ҳам бутун дунё мусулмонлари ўз-ўзидан бир-бирларини бир тану бир жондек ҳис қиладиган бўладилар, ораларидаги меҳр-муҳаббатлари жуда ҳам олий даражага кўтарилади. Дунёнинг турли бурчакларидан ўзларига бир қанча танишлар, ёру дўстлар орттириб қайтадилар.

5. Ҳаж ибодати инсонга ўлим ва Қиёмат соатини эслатади. Инсон бу дунё ҳаёти нақадар паст ва ўткинчи ҳаёт эканини ҳис қилиб яшайдиган бўлади.

Натижада кимларнингдир наздида жуда ҳам қиммат баҳо деб кўриладиган моддий нарсалар аслида ҳеч қандай аҳамияти йўқ ва арзимас бир мато эканига амин бўладилар.

Ваҳоказо кўплаб ҳикматлар ва фойдалар билан тўлган энг улуғ ибодатлардан бири мана шу ҳаж ибодатидир.

Ҳаж ибодатининг нақадар улуғ амал эканига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўпдан кўп ҳадиси шарифларидан бири – қуйидаги башоратнинг ўзи етарлидир:

«الحجُّ المبرورُ ليسَ لهُ جزاءٌ إلا الجنَّةُ».

«Мабрур (холис ният билан шариатга мувофиқ тарзда бажарилган) ҳаж учун жаннатдан ўзга ҳеч бир нарса етарли мукофот бўла олмайди!». (Муттафақун алайҳ).

Валлоҳу аълам ва соллаллоҳу ва саллам ала набиййина Муҳаммад ва олиҳи ва асҳобиҳи ажмаийн.

“Ислом Овози” таҳририяти